Дания университетлари техника ва биология-тиббиёт фанлари бўйича хорижлик тадқиқотчиларни ёллаш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Жосусликка қарши кучайтирилган амалиёт ушбу мамлакат олийгоҳларини айрим хорижлик мутахассислардан воз кечишга мажбур қилмоқда. Разведка хизмати томонидан ўқув муассасаларига берилган тегишли тавсиялардан кейин шундай чоралар кўрилмоқда. Негадир, ҳукумат айни соҳалардаги хавфни юқори баҳоламоқда.
Университетлар, айниқса, Россия, Эрон ва Хитойдан келишни хоҳлаётган тадқиқотчилар номзодини қатъий назорат остида кўриб чиқяпти. Масалан, Орхус университети жорий йил 24 нафар хорижий мутахассис аризасини қайтарди. Муҳандислик факультети декани ўринбосари Брайан Винтер таъкидлашича, рад этилган изланувчилар махфий маълумотни эгаллашга уриниши мумкинлиги сабабли шундай қарор қабул қилинган.
Бошқа қатор университетлар ҳам жосуслик хавфи билан боғлиқ муаммо туфайли хорижликларни қабул қилишдан бош тортган. Масалан, Копенгаген университети чет эллик тадқиқотчи аризасини кўриб чиқишда ташқи экспертлар ва маслаҳатчилар ёрдамига таянганини маълум қилди.
Таъкидланишича, танлов қоидаси қатъийлаштирилиши Даниянинг нафақат миллий, балки бутун Европа миқёсида хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган стратегиясини акс эттиради. Шу ойдан бошлаб мамлакат ярим йил Европа Иттифоқига раислик қилиш вазифасини зиммасига олди. Қироллик бу жараёнда, жумладан, кибер жосусликка қарши курашни кучайтиришга ҳам ваъда берган.
К.Бекжонов, ЎзА