Маълумки, замонавий электрон ва электротехник ечимлар барча соҳаларга кириб борган. Бугунги кунда улар давлат идоралари ва молия-банк секторидан тортиб, бизнес ва кундалик қулайликларгача кенг татбиқ этилмоқда.
Шу маънода, инновацион технологиялар жараёнларни автоматлаштириш, корхона самарадорлигини ошириш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда иқтисодий ривожланиш ва ҳаёт сифати учун янги имкониятлар яратади.
“Электроника, электротехника ва инновацион технологиялар - E-TechExpo 2025” 4-халқаро кўргазмасини ташкил этиш бу жараёнда муҳим бўлиб, унда истеъмолчи, саноат ва бизнес учун мўлжалланган илғор технологиялар, ускуналар ва маҳсулотларни намойиш қилиш анъанага айланиб улгурди.
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган “E-TechExpo 2025” халқаро кўргазмаси ишлаб чиқарувчилар учун яна бир бор шундай майдонни яратиб берди.
[gallery-26179]
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” ҳамда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда хорижий компаниялар қаторида 100 дан ортиқ маҳаллий корхона ҳам иштирок этмоқда.
“Uzkabel” акциядорлик жамиятининг маркетинг бўлими мутахассиси Зуҳриддин Нормуродовнинг қайд этишича, кўргазманинг биринчи куниданоқ корхона маҳсулотларига қизиқувчилар сони анча кўп бўлган.
– Корхонамиз кабель ва ўтказгич маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Замонавий технология ва ускуналардан фойдаланиб, талаб стандартларига мос сифатли маҳсулотлар тайёрлаймиз. Ўзининг кўп йиллик тарихига эга корхона бугунги кунда 3 мингдан ортиқ турда маҳсулот ишлаб чиқармоқда. 1000 дан ортиқ ишчи-ходимга эга компаниямиз маҳаллий ва хорижий бозорда ўз ўрнига эга. Кўргазма биз учун ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради ва шу мақсадда мунтазам қатнашиб келамиз, – деди у.
Иштирокчилар томонидан замонавий маиший техника, кабель-сим маҳсулотлари, электр ўтказгичлар, энергия тежамкор ёритиш тизимлари, трансформатор ускуналари, автоматлаштирилган бошқарув ечимлари ҳамда қуёш энергияси асосидаги инновацион қурилмалар тақдим этилмоқда.
– Уч йилдан бери фаолият юритаётган “Mono Electric” компаниямиз ички ва ташқи бозорда ўз позициясини мустаҳкамлаб, барқарор ривожланмоқда. Бугунги кунда мамлакатнинг ҳар бир вилоятида ҳамкорларимиз фаолият юритяпти. Корхонамиз электр ускуналарини ишлаб чиқаради, бу соҳада юқори сифат ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирги вақтда маҳсулотларимиз 8 та хорижий давлатга экспорт қилинади. Бу эса корхонанинг халқаро майдондаги эътирофи ва рақобатбардошлигини кўрсатади. Бугунги кунда “Mono Electric”да 400 нафардан ортиқ мутахассис ишлайди. Шу билан бирга, биз имконияти чекланган шахслар билан ҳамкорлик қиламиз ва улар учун қўшимча иш ўринлари яратишга интиламиз, – деди корхонанинг савдо бўлими менежери Шоҳрух Иноғомов.
Айтиш керакки, “E-TechExpo 2025” халқаро кўргазмаси замонавий электрон ва электротехник ечимларнинг аҳамиятини намоён этиш билан бирга, маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги технологияларни синаш ва инновацион ривожланиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим ҳисобланади. Бу турдаги тадбирлар саноат ва бизнес соҳасини янада ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда истиқболдаги ишланмаларни жамоатчиликка тақдим этишда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА