Мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа ва тармоқларга рақамлаштириш жараёнлари изчил татбиқ этилмоқда. Бугунги ахборот технологиялари асрида электрон хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳам аҳоли учун, ҳам соҳалар учун кенг қулайликлар яратади.
Биргина тиббиёт муассасаларида амалда фойдаланилаётган барча ахборот тизимларини ягона экотизимга бирлаштириш мақсадида бирламчи тиббий-санитария муассасалари ҳамда даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини автоматлаштиришга қаратилган “DMED” ахборот тизими ҳам ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ушбу тизим республикадаги 470 та тиббиёт муассасасида ишга туширилган ва маълумотлар базасида 32 миллион беморнинг бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги маълумотлари электрон шакллантирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида ушбу йўналишдаги ишлар, шунингдек, рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовнинг “БМТнинг “Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси”да Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида” парламент сўровига берган жавоби муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси жаҳон мамлакатларида ахборот жамияти қанчалик тараққий этаётганини белгилаб берувчи асосий кўрсаткичлардан бири саналади. Мазкур индекс аҳоли ва давлат ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш, хизматларни қулайлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Вазир жавобида келтирилишича, 2024 йилда эълон қилинган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон 193 та давлат орасида 63-ўринни эгаллади. Ўтган ҳисобот даврига нисбатан 6 поғонага, охирги 2 та рейтинг натижаларига кўра эса умумий 24 поғонага кўтарилган. Шунингдек, Ўзбекистон илк маротаба Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексининг баланд гуруҳи (High EGDI)дан Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексининг жуда баланд гуруҳига (Very High EGDI) қўшилган.
Қўмита аъзолари парламент сўровига берилган жавобни атрофлича кўриб чиқиб, уни Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
М.Комилова, ЎзА