Бугунги кунда энергетика соҳасидаги ўзгаришлар ҳукумат ва жамоатчилик диққат-марказида. Тизимда ҳар йили қувватлар оширилиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми изчил ўсмоқда.
Охирги 6 йилда мамлакатда 9605,7 мегаватт янги қувватлар ишга туширилди. Бу 1991–2016 йилларда ишлаб чиқарилган 3300 мегаваттга нисбатан қарийб 2,5 баробар кўп.
Бугунги кунда 10 та вилоятда умумий қуввати 3 минг 467 мегаватт бўлган 14 та қуёш ва 3 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2 та энергия сақлаш тизими (300 МВт) ҳам ишга туширилди.
Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш борасида ҳам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ истеъмолчилари учун тарифлар масаласида такрорий субсидиялашдан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадда 2024 йил 16 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини босқичма-босқич ўзгартириш ва аҳоли учун электр энергияси ҳамда табиий газ истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди.
Энергетика тизимидаги бу каби ислоҳотларнинг амалий натижалари ҳақида “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари масъуллари ЎзА мухбирига интервью берди:
Фахриддин НУРАЛИЕВ – “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари:
– 2024-2025 йил куз-қиш мавсуми энергетиклар учун муваффақиятли ўтди, десак бўлади. Бу, аввало, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Жорий мавсумда электр энергиясида узилишлар ва авария ҳолатлари ўтган йилларга нисбатан анча кам кузатилди.
Ушбу натижаларга эришишда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳужжатлар асосида электр тармоқларини янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий мавсумда қарийб 30 минг километр узунликда электр тармоғи ва 10 мингдан ортиқ трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Аввалги йилларда истеъмол ҳажми юқори бўлгани сабабли чекловлар киритилган эди. Лекин бу йил электр энергияси етарли миқдорда ишлаб чиқарилгани туфайли режали узилишлар амалга оширилмади. Бу борада анъанавий ва муқобил энергия манбалари муҳим омил бўлди.
Шунингдек, паст кучланишли электр тармоқларида авария ҳолатлари ўтган йилларга нисбатан деярли 40 фоизга камайди. Мавжуд авария ҳолатларини бартараф этиш муддати эса 3-4 соатдан 1-2 соатга туширилди.
Бу йил электр таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида яна 30 минг километр узунликда электр тармоғи ва 10 мингдан ортиқ трансформатор пункти мукаммал таъмирланади.
Ўтган йили “Сағбон” подстанциясида ортиқча юклама билан ишлаётган иккита трансформатор янгига алмаштирилди.
Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар илгари Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Вачах қишлоғида ҳам мавжуд эди. 2023 йилда янги трансформатор ўрнатилди ва қўшни қишлоқдан электр тармоғи тортилиб, аҳоли тўлиқ ушбу манба билан таъминланди.
2016 йилда паст кучланишли тармоқларнинг эскирганлик даражаси 60-70 фоизни ташкил этган. Кейинги йилларда соҳага қаратилган эътибор натижасида ушбу кўрсаткич 40 фоизга камайтирилди. Ҳозирда электр таъминоти сифатини ошириш ишлари изчил давом этмоқда.
Электр тармоқлари мунтазам равишда янгиланишни талаб этади, чунки эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. 2030 йилга қадар электр таъминотининг тўлиқ барқарорлигига эришиш режалаштирилган. Шу боис, тизимни модернизация қилиш ва янги технологияларни жорий этиш орқали таъминот барқарорлигини янада ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ёғоч таянч устунлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу халқаро тажрибада ҳам мавжуд. Мамлакатимизда ҳам бундай устунлар айрим ҳудудларда сақланиб қолган. Илгари улар бошқа компаниялардан сотиб олинар эди. Ҳозирда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳар бир ҳудудда темир-бетон устунлар ишлаб чиқарадиган цехлар ташкил этилган бўлиб, улар томонидан ёғоч устунлар босқичма-босқич алмаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарори билан аҳоли ва истеъмолчилар учун табақалаштирилган тарифлар жорий этилди. Шунингдек, республикада биринчи бор “ижтимоий норма” тушунчаси киритилди.
Ушбу қарор билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб янги тарифлар қўлланилади:
200 кВт/соатгача – 600 сўм;
201–1000 кВт/соат – 1000 сўм;
1001–5000 кВт/соат – 1500 сўм;
5001–10 000 кВт/соат – 1750 сўм;
10 000 кВт/соатдан юқори – 2000 сўм.
Янги тарифлар билан электр энергияси нархи ўртача 11 фоизга ошиши кутилмоқда.
Нега тарифлар оширилмоқда? Охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Қисқа муддатда янги қуёш, шамол ва иссиқлик электр станциялари ишга туширилди. Шу билан бирга, мавжуд ускуналарни модернизация қилиш ва уларни янгилаш талаб этилади. Бу ишлар учун молиялаштириш манбалари зарур.
Охирги марта электр энергияси ва табиий газ нархи 2019 йилда оширилган эди. Орадан 5 йил ўтиб, 2024 йил 1 майдан табақалаштирилган тариф жорий қилинди. Илгари ишлаб чиқаришдан тортиб, таъминот корхоналаригача энергетика тизимида жиддий муаммолар бор эди. Ҳатто айрим ҳолларда суткалаб электр энергияси бўлмаган даврлар ҳам кузатилган.
Масалан, тадбиркор минг сўмга маҳсулот ишлаб чиқараётган бўлса, уни 295 сўмга сотса, банкротга учраши аниқ. Худди шу каби электр энергиясининг таннархи 900–1000 сўм бўлган ҳолда, аҳолига 295 сўмдан етказилган. Бу эса давлат бюджетидан катта субсидия талаб қилган ва муайян муаммоларни келтириб чиқарган.
Ҳозирги кунда ҳам давлат 200 кВт/соатгача электр энергиясини 450 сўмдан субсидиялаб бермоқда. Кўпчилик “бу субсидия бекор қилинадими?” деган саволни беради.
Энергетика соҳаси бу қарорни чиқариш учун кўп йиллар тайёргарлик кўрган ва бир неча бор таклифлар берилган. Бироқ аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бу масала узоқ муддат ортга суриб келинган. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолга етказиб беришда иқтисодий мувозанатни таъминлаш зарур. Бу эса энергетика соҳасини ривожлантириш, узилишларни камайтириш ва таъминот барқарорлигини ошириш имконини беради.
Жобир РАҲМОНОВ – “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқарма бош мутахассиси:
– “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятига келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, табиий газ босими паст бўлган ҳудудлар икки босқичли тизимга ўтказилди ва газ барқарорлиги таъминланди. Бугунги кунда бу каби муаммолар ўз вақтида бартараф этиляпти. Шунингдек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва сунъий интеллектнинг жорий этилиши бу жараёнда амалий аҳамият касб этмоқда.
Масалан, жамият томонидан 2024 йил давомида аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 22 миллиард 595 миллион 60 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Жумладан, аҳолига 11 миллиард 919 миллион 780 минг метр куб, улгуржи истеъмолчиларга 10 миллиард 675 миллион 280 минг метр куб, хусусан, иссиқлик таъминоти корхоналарига 1 миллион 169 минг метр куб, ижтимоий соҳа объектларига 384 миллион 397 минг метр куб, автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчаларига 5 миллиард 122 миллион 180 минг метр куб “зангори ёқилғи” етказилган.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарори билан 1 майдан истеъмолчилар учун табиий газ нархлари оширилган эди. Албатта, бундай ўзгариш газни қазиб олиш, қайта ишлаш ва етказиб бериш харажатларига боғлиқ. Жаҳон бозори нархлари, валюта курси ва мавсумий талаб ҳам нарх шаклланишига таъсир қилади. Давлат газ нархларини тартибга солишда бозор механизмлари ва ижтимоий ҳимояни ҳисобга олади.
Мазкур қарорга мувофиқ, аҳоли истеъмолчиларига газ ҳисоблагич орқали етказиб бериладиган 1 метр куб газ нархи 2025 йил 1 апрелдан бошлаб 1000 сўм, газ ҳисоблагич бўлмаганда эса овқат тайёрлаш ва сув иситиш учун 1800 сўм қилиб белгиланган.
Газ ҳисоблагич орқали 1 метр куб нархи 2024 йил 1 майдан 650 сўм бўлган, газ ҳисоблагич бўлмаганда эса 1500 сўмни ташкил этган.
Маълумки, сўнгги беш йил давомида табиий газ нархи ўзгармаган эди. Бу эса газ қазиб чиқариш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнларига салбий таъсир кўрсатган. Ҳозирги кунда табиий газнинг ўсиш даражаси 2025 йил 1 апрелда ошадиган нархга нисбатан 35 фоизга фарқ қилади. Яъни, 2024 йил 1 майдан 1 метр куб газ 650 сўм бўлса, 2025 йил 1 апрелдан 1 метр куб газ нархи ҳисоблагичли ҳолда 1000 сўм этиб белгиланмоқда. Бу нархлар ўртасидаги таққосий фарқ 35 фоизни ташкил этади. Сўм ҳисобида бу 350 сўмга тенг. Ушбу кўрсаткичлар эса янги нархнинг кескин ошмаётганини кўрсатади.
Айтиб ўтганимдек, биз ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқиб, унга батафсил тушунтириш берган ҳолда жавоб қайтараяпмиз. Чунки газни ишлаб чиқаришдан тортиб, истеъмолчига етказиб бериш жараёни маблағ билан боғлиқ экани ҳақида тушунчалар берамиз. Бироқ бизнинг ташкилот газ нархини белгиламайди. Бу жараён бевосита Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб 1 килограмм суюлтирилган газ нархи 2000 сўмни ташкил этади. 2024 йил 1 майдан амалдаги ҳолатда эса 1600 сўмдир.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ишлаб чиқариш таннархи 850 сўмга тўғри келади. Давлатнинг қўллаб-қувватлаётгани сабабли аҳолига таннархидан арзон, 650 сўм миқдорида сотилмоқда. Бу бевосита бозор механизмига босқичма-босқич ўтиш жараёнлари билан ҳам боғлиқдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6m76hIiNaNQ" title="Elektr va gaz uchun yangi tariflar: 1-apreldantoʻlovlar qanchaga oshadi? – Mutaxassislarizoh berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов, Анвар Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА