Сўнгги йилларда мамлакатимизда электр энергияси таъминоти тизимида шаффофликни таъминлаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва асоссиз қарздорлик ҳолатларига чек қўйиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, давлат ва таълим муассасаларига нисбатан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятида қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш масаласи ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда.
Жумладан, Бухоро вилоятидаги икки йирик таълим муассасасига электр энергияси учун асоссиз ҳисобланган қарздорлик ҳолати аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институтининг “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергиясавдо” филиали Бухоро бўлинмаси ҳаракатларидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Олиб борилган ўрганишлар давомида, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан 2 та таълим ташкилотига оширилган тариф қўлланилиши эвазига 1,8 млрд. сўмдан ортиқ қўшимча тўлов ҳисобланганлик ҳолатлари аниқланган.
Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергиясавдо” филиалига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича 2 та субъектга асоссиз ҳисобланган 1,8 млрд. сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиш, мазкур қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА