Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Сардоба туманида бир қатор муҳим ишларни олиб бормоқда. Жумладан, маҳаллий электр тармоқларининг барқарорлигини ошириш ва аҳолини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш мақсадида туман бўлими томонидан 4 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 291 дона эски симёғочли устун 330 дона темир- бетон устунга алмаштирилди. Шунингдек, 17,6 километр электр узатиш тармоқлари тортилди.
Бундан ташқари, паст кучланишли трансформатор пунктларини замонавий юқори кучланишли трансформаторлар билан алмаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.


– Куни кеча Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган подстанциядаги 4000 кВа қувватга эга трансформатор 6300 кВа қувватга эга янги трансформаторга алмаштирилди,– деди "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Сардоба туман электр таъминоти бошлиғи Баҳодир Холмуродов.
Тумандаги мавжуд паст кучланишли трансформатор пунктларини модернизация қилиш, электр таъминотини барқарорлаштириш ва узилишига йўл қўймаслик мақсадида замонавий, юқори кучланишли трансформаторлар олиб келинди. Айни вақтда уларни ўрнатиш ва электр таъминотини яхшилаш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ишларга мазкур қарор асосида 2,04 миллиард сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.


Сардоба туман аҳолисининг электр энергияси билан боғлиқ муаммолари ижобий ечим топмоқда ва буни аҳоли вакиллари катта мамнуният билан кутиб олмоқда.
– Эски, паст кучланишли трансформатор янгисига алмаштирилиши натижасида кўпдан буён бизни қийнаб келаётган электр энергияси билан боғлиқ муаммомиз ўз ечимини топди. Энг асосийси, ёғингарчилик кунларда ток ўчиб қолди, деган ташвишлардан қутуладиган бўлдик,– дейди Янгиҳаёт маҳалласи аъзоси Шавкат бобо Аслонов.


Муҳими, Сардобада электр таъминоти барқарор ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири