
Футбол бўйича Италия А Сериясининг 31-турида Клаудио Раньери бошчилигидаги “Рома“ клуби ўз майдонида “Ювентус“ жамоасига қарши баҳс олиб борди ва 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.
Мазкур учрашувнинг 40-дақиқасида “Ювентус” вакили Мануэль Локателли гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди ва биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди. “Рома” мураббийи Клаудио Раньери танаффусда ўйин тактикасини ўзгартиришга қарор қилди ва майдонга ҳамюртимиз Элдор Шомуродовни туширди.
Албатта, бу қарор кутилганидек ўзини оқлади. Гап шундаки, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзоси Элдор Шомуродов майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтиб, аниқроғи, 49-дақиқада “Ювентус” дарвозасини ишғол қилди ҳамда жамоасини мағлубиятдан қутқарди.
Ушбу ҳаракатлардан келиб чиқиб, “Sofascore” Элдор Шомуродовга 7.2 балл қўйган бўлса, “Fotmob” портали футболчимизни 7.3, “Flash score” нашри эса 7.4 балл билан баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда “Рома” 53 очко билан жадвалда еттинчи поғонада бормоқда. Жамоа 13 апрель куни 32-тур доирасида “Лацио” клубига қарши майдонга тушади.
“Рома” ва “Ювентус” ўйинидан кейин Элдор Шомуродов “DAZN” телеканалига қуйидагича интервью берди:
— Захирадан майдонга тушишдан олдин мураббий Раньери менга Довбикка ёрдам беришимни айтди. Иккинчи бўлим яхши бошланди, афсуски, ғалаба қозона олмадик. Биз иккинчи голни уриш имконига эга бўлган эдик. Албатта, натижадан ва гол урганимдан хурсандман. Аммо агар дубль қила олганимда, бу янада яхши бўлар эди.
Маълумот ўрнида: Элдор Шомуродов жорий мавсумда “Рома” сафида А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида жами ўттизда учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 6 маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига 3 голли пас узатди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА