Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан экспортёр корхоналарда сайёр ўрганишлар ўтказилмоқда. Навбатдаги учрашув “BUXORO GYPSUM” МЧЖда ташкил этилди.
Корхона асосан қурилиш хомашёларни ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади. Мулоқот давомида экспорт жараёнларини соддалаштириш ҳамда мавжуд имтиёзлар орқали ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, айниқса, экспортёрлар фаолиятини кенг қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Божхона органлари томонидан жорий этилаётган енгилликлардан унумли фойдаланиш эса корхоналарга ортиқча сарф-харажатлар ва оворагарчиликларнинг олдини олиш имконини бермоқда.
Хусусан, “BUXORO GYPSUM” МЧЖ томонидан самарали экспорт фаолияти олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 1,0 миллион АҚШ долларига тенг, умумий вазни 1397 тонна бўлган “қоғоз, картон ва улардан ясалган буюмлар ҳамда тозалаш-ювиш воситалари” импорт қилинган бўлса, қиймати 1,7 миллион доллар, вазни 18 минг тоннани ташкил этган қурилиш моллари экспорт божхона режимида расмийлаштирилди.

Шунингдек, айнан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан фойдаланиш орқали яқинда 541 тонна, қиймати 433 минг АҚШ долларига тенг “гипсокартон учун қоғоз” импорт қилиниб, ундан 187 тонна, қиймати 20 минг долларлик тайёр “гипсокартон” маҳсулотлари экспортга йўналтирилди.
Зариф Комилов, ЎзА