
Божхона қўмитасида бир гуруҳ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан қўмита раисининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган тадбиркорлар қатнашди.
Мулоқотда тадбиркорларнинг божхона ва ишлаб чиқариш соҳасидаги муаммоларини имкон қадар амалда бартараф этиш ҳамда улар томонидан билдирилган таклифларни амалиётган тадбиқ қилишнинг барча чорасини кўришга асосий эътибор қаратилди.
Сўнгги уч йилда божхона органларида 26 та янги ахборот тизимлари, 15 та интерактив хизматлар, 10 та мобил иловалар ишлаб чиқилиб, амалиётга киритилди.

Мазкур тизимлар 41 та авиакомпания, 33 та вазирлик ва идоралар ҳамда ўнлаб хорижий божхона хизматлари тизимлари билан ўзаро интеграция қилинди.
Мисол учун, ўтган йили "Экспорт уч қадамда" дастури ишга туширилиши натижасида экспорт декларацияларини тўлдиришнинг 9 босқичли тартиботини 3 баробарга қисқартиришга эришилди.
Натижада 4,5 мингдан ортиқ тадбиркор томонидан 3 млрд долларга яқин товарларни экспорт қилишда ушбу дастурдан фойдаланилди.
Соҳани рақамлаштириш ҳисобига ҳозирда экспорт ҳамда импорт декларацияларининг 81-82 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.

Бунда инсон омилисиз расмийлаштириш ҳажми экспортда 60 фоизни, импортда 40 фоизни ташкил қилмоқда.
Бир қатор божхона тартиботлари ҳам соддалашиши эвазига, жорий йилнинг дастлабки чорагида 3 мингга яқин экспортёр ва 10 мингдан ортиқ импортёрнинг божхона назорати ва расмийлаштируви билан боғлиқ ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалишига эришилди.
Таҳлилларга кўра, тадбиркорларнинг божхонадаги мавжуд қулайликлар ва енгилликларда хабардорлигини янада ошириш бу борадаги самарадорликнинг ошишига хизмат қилади.
Масалан, эндиликда тадбиркорларимиз хориждан олиб келинган хом-ашёларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган товарларни экспорт қилмасдан уларни янада чуқурроқ қайта ишлаш мақсадида божхона тўловларисиз иккинчи маҳаллий қайта ишловчига сотишлари мумкин.
Мулоқотда ҳалол ва қонунга итоаткор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга соддалаштирилган божхона тартиботларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи Ваколатли иқтисодий операторлар институтининг афзалликлари ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.
Ҳозирда ушбу мақомга эга бўлган 66 та тадбиркорнинг 25 минга яқин партиядаги товарларининг божхона расмийлаштируви устувор тартибда амалга оширилди, 410 млрд сўмдан ортиқ божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб тўлашга рухсат берилди.
76 млн долларлик 2 мингга яқин партиядаги товарларини ҳеч қандай божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда ўз омборларига туширишга рухсат берилиши натижасида, тадбиркорларнинг 7 млрд сўмга яқин маблағи тежаб қолинди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 11 февралдаги 77-сон қарори билан ваколатли иқтисодий операторлар янада қўллаб-қувватланмоқда.
Масалан, аввалги тартиб бўйича юридик шахснинг вакиллари бир марта бўлса ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, ваколатли иқтисодий оператор мақомини беришни рад этишга сабаб бўлар эди.
Энди эса янги тартиб бўйича юридик шахснинг вакиллари икки ва ундан ортиқ маротаба маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса ҳам ваколатли иқтисодий оператор бўлиши мумкин.
Шунингдек, хўжалик субъектларининг ташқи савдо шартномаларида муддати ўтган дебитор қарздорлиги ҳам ваколатли иқтисодий оператор мақомини беришни рад этишга сабаб бўлаётган эди.
Эндиликда ушбу қарздорлик охирги 12 ой давомида ҳар бир ташқи савдо шартномаси бўйича 10 фоиздан ошмаган бўлса, хўжалик субъекти ваколатли иқтисодий оператор реестрига киритилиши мумкин.
Ўз ўрнида ваколатли иқтисодий оператор мақомини олган субъектларга қўлланиладиган соддалаштирилган тартиботларнинг кўлами янада кенгайтирилди.
Масалан, Божхона масалалари бўйича оператор мақомига эга бўлган субъектларга божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва муддатини кечиктирган ҳолда товарларни эркин муомалага чиқаришда божхона тўловларини 50 фоизини таъминлаш талаби бекор қилиниб, кечиктириш муддати ҳам 20 иш кунидан 30 календарь кунгача узайтирилди.
Таҳлилларга кўра, ўтган йиллар давомида кечиктириб тўлашга рухсат берилган 100 млрд сўмдан ортиқ тўловларнинг 50 фоизини суғурталашга камида 1,5 млрд сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Энди бу маблағлар операторларнинг ўзида қолади.
Операторларнинг хавф даражаси ўрта кўрсаткичга, яъни сариқ ва қизил йўлаклардаги декларациялари бир соатда расмийлаштирилиши белгиланди.
Ташқи савдо иштирокчилари учун битта шартнома билан турли божхона режимларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Масалан, "божхона ҳудудида қайта ишлаш" режимларига ёки кейинчалик хорижга сотиш мақсадида "божхона омбори", "эркин омбор" ва "эркин божхона зонаси" режимларига ҳам товарларни "Импорт" шартномаси асосида расмийлаштиришга рухсат берилди.
Энди божхона ҳудудига аввал олиб кирилган товарларни "реэкспорт" режимига ёки "божхона ҳудудида қайта ишлаш" режимидан кейинги қайта ишлаш операцияси учун "эркин омбор" режимига "Экспорт" шартномаси асосида ҳам расмийлаштириш мумкин.
Бунинг натижасида тадбиркорларга, божхона ҳудудида қайта ишланган маҳсулотлардан қўшилган қийматли товарларни ҳосил қилиш учун уларни кейинги қайта ишлаш жараёнига тақдим этиш имконияти яратилди.
14 турдаги ташқи савдо шартномалари оптималлаштирилиши натижасида хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнлари эркинлаштирилди, асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликлар юзага келиши олди олинди.
Тадбиркорларни ўйлантириб, қийнаб келаётган яна бир масала - экспорт товарлари бўйича ҚҚСнинг ўрнини қоплаш учун солиқ органларига тақдим этиладиган декларациялар божхона органлари томонидан қоғоз шаклда тасдиқланиши эди.
Тадбирда ушбу масалани бартараф этиш бўйича божхона ва солиқ органлари ахборот тизимларининг интеграцияси якунланиб, электрон ахборот алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилгани маълум қилинди.
Натижада ҳозирга қадар 4 мингдан ортиқ экспортёрнинг 88 мингга яқин партиядаги товарларига оид маълумотлар солиқ органлари томонидан электрон шаклда қабул қилинган.
Тадбирда Божхона қўмитаси томонидан шу йилнинг 10 мартидан бошлаб ишга туширилган "Экспорт ва импорт маълумотларини олиш" электрон интерактив хизмати ҳақида ҳам сўз юритилди.
Ушбу хизмат тури декларацияларга оид маълумотларни, уларга илова қилинган ҳужжатларни инсон омилисиз "онлайн" ва "24/7" режимида бир неча дақиқада олиш имкониятини беради.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган тадбиркорларни бизнес режасини ишлаб чиқишда зарур бўлган ахборотлар билан ҳам таъминлайди.
Ш. Маматуропова, ЎзА