
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Глобал экологик муаммолар” мавзуида Республика форуми бўлиб ўтди.
Форумда ФВВ академияси бошлиғи генерал-майор Равшан Ҳайдаров “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга жорий этилгани халқимизнинг азалий қадриятларидан бири бўлган бўш ерларга кўчат экиш, боғ-роғлар барпо этиш анъаналарини қайта тиклаганини, она-табиатга дахлдорлик туйғусини кучайтирганини таъкидлади.

Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 26 сентябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлганини эътироф этди.
Шунингдек, форумда сўз олганлар Янги Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, минтақа экологиясини келгуси авлодлар учун асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилгани, бу йил мазкур йўналиш мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этаётганини қайд этишди.

Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш республикамизга халқаро ҳамжамият билан яқин алоқалар ўрнатишга ёрдам бераётгани, яшил иқтисодиётга ўтишда инновацияларни қўллаш жуда муҳим экани, бу соҳага илм-фан ва технологияни ривожлантириш устувор вазифага айланаётгани, янги энергия манбаларини яратиш, мавжуд ресурсларни янгича услубда ишлатишни рағбатлантириш йўлга қўйилаётгани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнгида мавзуга доир муҳим келишувларга эришилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА