Маълумки, юртимиз қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади. Шу сабаб соҳа самарадорлигини ошириш орқали дастурхонимиз тўкинлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу эса иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги тармоғининг ўрни муҳим эканини кўрсатмоқда.
Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига қарашли 5 та нав синаш станция ва участкаларида экинларнинг 100 дан ортиқ нав ва дурагайларини синаш жараёнлари белгиланган тартиб асосида амалга оширилмоқда.

Хусусан, пахтачиликда 24 та маҳаллий навлар, 13 хорижий навларда синаш жараёнлари олиб борилмоқда. Шунингдек, бошқа экинларни экишда ҳам дуккакли, мойли ва озуқа экинларда 9 та, сабзавот ва полиз экинларида 43 та синов усуллари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жорий йилда 69 та бошоқли дон экинлари конкурс синовдан ўтказилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 416-сонли қарор ижросини таъминлаш бўйича биргина Самарқанд вилоятида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, янгидан ташкил этилган Нуробод чўл ва Ургут нав синаш участкаларининг ер майдонлари кўздан кечирилди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази директори О.Матякубов вилоятдаги нав синаш станция ва участка раҳбарларига тизим унумдорлигини ошириш мақсадида жорий қилинаётган янги имкониятларни ишга солиш, иш сифати ва унумдорлигини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз тавсияларини берди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА