Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги фармойишига асосан, Сирдарё вилоятида жорий йилда жами 14 миллион 58 минг дона кўчат экиш белгиланган. Шунинг 8 миллион 775 минги баҳорда, 5 миллион 283 минги кузда экилиши режалаштирилган. Танлов асосида иқлим шароитига мос кўчат турлари аниқланиб, Экология вазирлигига тақдим этилган.
Баҳор мавсумида вилоят бўйича 9 миллион 120 минг дона кўчат экилиб, режа 103,9 фоизга бажарилди. Бу жараёнга 239 та маҳалла, аҳоли, маҳалла фаоллари ҳамда ихтиёрий ёшлар жалб этилди.

Янгиер ва Ширин шаҳарлари, шунингдек, Гулистон туманида йирик саноат корхоналари атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш учун махсус ер майдонлари ажратилди. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 55 та саноат корхонасида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, айрим муаммолар ҳам мавжуд. Баъзи ташкилотларда кўчатлар парваришсиз қолиб, қуриб кетган ҳолатлар аниқланди. Бу ҳолат экологик масъулиятнинг ҳали барча жойда етарли даражада шаклланмаганини кўрсатади.

Сирдарё вилояти Экология бошқармасининг шуъба бошлиғи Шерзод Султонов бу ҳақда шундай дейди:
– Тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Аммо баъзи ташкилотларда экологик масъулият ҳануз паст даражада. Шу сабабли йил бошидан буён 166 та юридик шахсга нисбатан 573 миллион 885 минг сўм миқдорида маъмурий жазо чоралари кўрилган.
Жумладан, Гулистон туманида 13 та ташкилот ҳудудида дарахтлар сувсизлик сабаб қуриб қолгани учун 28 миллион 500 минг сўм жарима тўланган. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга қаратилган мораторийга қарамай, 76 та ноқонуний кесиш ҳолати аниқланиб, жами 1 миллиард 159 миллион сўмлик моддий жарима белгиланган.

Экологик ислоҳотлар йилнинг иккинчи ярмида ҳам изчил давом этмоқда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида саноат субъектларида чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш учун маҳаллий тозалаш иншоотлари қуриш режалаштирилган.
Энг муҳими, эндиликда куз мавсумида экиладиган ҳар бир кўчат махсус электрон платформа орқали рақамлаштирилади. Бу тизим ҳар бир дарахтнинг ҳолати ва ўсиш жараёнини электрон назорат остида ушлаб туриш имконини яратади. Шу орқали ҳисобот самарадорлиги ва жавобгарлик даражаси ошиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири