ЕИ Украинага молиявий ёрдам бўйича янги механизмни муҳокама қилмоқда
Европа Иттифоқи давлатлари Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш масаласида Венгрия ва Словакия томонидан эҳтимолий рад этилиш ҳолатини четлаб ўтиш имкониятини кўриб чиқяпти. Бу ҳақда “Politico” нашри ЕИ дипломатларига таяниб хабар берган.
Маълум қилинишича, келаси ҳафта Брюсселда Украинага ажратилиши режалаштирилган 90 миллиард евро кредитни тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинади. Ушбу маблағ Киевга 2027 йилгача Россия билан низо шароитида молиявий барқарорликни таъминлаш учун зарур ресурснинг асосини ташкил этиши кутиляпти.
Агар Венгрия ва Словакия мазкур қарорни қўллаб-қувватламаса, Болтиқбўйи ва Шимолий Европа давлатлари Украинага икки томонлама кредит орқали тахминан 30 миллиард евро ажратиш имкониятини ҳам кўриб чиқади. Бундай кўмак ЕИ даражасидаги якдил қарорни талаб қилмайди.
Д.Ҳакимов, ЎзА