Бухоро тумани Дехча маҳалласида 7908 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 120 нафар ногиронлиги бўлган шахс, 35 та оила “Камбағал оилалар реестри”да, 48 та оила эса “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”да рўйхатга олинган.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида иситиш мавсумида 106 та эҳтиёжманд ва камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган оилаларга 1 миллион сўмдан бир мартали моддий ёрдам ажратилди.

Нафиса Раҳматова 2-гуруҳ ногирони. 2025 йилда “Камбағал оилалар реестри”га киритилган Нафиса опа бугунги кунда давлат ва ҳомийлар кўмагида ўз ҳаётини янгидан йўлга қўймоқда. Маҳалла ижтимоий ходимининг амалий ёрдами билан унга бола нафақасини тайинлашда кўмак берилди, ҳамда дори-дармон харажатлари учун моддий ёрдам ажратилди. Бундан ташқари, ҳомийлик асосида тикув машинаси ва “Аверло” ускунаси олиб берилди. Ҳозирда Нафиса Раҳматова ўз хонадонида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган. Шунингдек, газ ва электр тўловларини қоплаш учун 1 миллион сўм миқдорида бир мартали моддий ёрдам ҳам ажратилди.
Маҳалладаги ижтимоий ҳимоя ишлари аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, манзилли ёндашув асосида ташкил этилаётгани бу каби мисоллар орқали яққол намоён бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.