Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси умумий босқичининг биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
Унда “Брюгге” ўз майдонида “Монако”ни 4:1 ҳисобида таслим этган бўлса, “Копенгаген” ҳамда “Байер Леверкузен” учрашуви 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланди.

“Этиҳад” стадионида ўтказилган "Манчестер Сити" - "Наполи" учрашувида 2:0 ҳисоби қайд этилди. Ўйиннинг 21-дақиқасида “Наполи” футболчиси Жованни Ди Лоренцо мезбонлар вакили Эрлинг Ҳоландга нисбатан қўпол ўйнади деб топилди ва майдондан четлатилди. Шу тариқа биринчи бўлим ўз якунига етди. Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида Э.Ҳоланд ҳисобни очган бўлса, Доку 65-дақиқада ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Дарвоқе, ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити" таркибида тўлиқ ўйнади.

Шунингдек, бугунги баҳсларда “Спортинг” — “Қайрат” 4:1, “Ньюкасл” – “Барселона” 1:2, “Айнтрахт” — “Галатасарай” 5:1 ҳисоблари қайд этилди.
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг умумий босқич иккинчи тур учрашувлари 30 сентябрь куни старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА