Пойтахтимизда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан илк бор эчки сути ярмаркаси ташкил этилди.
Унда эчки сутидан қўлбола усулда тайёрланган ва фабрикаларда ишлаб чиқарилган турли хил маҳсулотлар намойиш этилди.
Мутахассисларнинг фикрича, эчки сутидан халқ табобатида бўғинлар оғриғини қолдириш, ўт қопидаги тошларни тушириш, уйқуни мустаҳкамлаш, йўтал, бош оғриғи, стресс, депрессия ва неврознинг олдини олишда қўлланилади. Асаб тизими билан боғлиқ касалликларга чалинган беморларга кўпроқ эчки сути ичиш тавсия қилинади.
Ярмаркада меҳмонлар эчки сути маҳсулотларидан харид қилиш ва татиб кўриш имкониятига эга бўлди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда эчкилар сони ҳамда эчки гўштидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайди.
Хусусан, 2017 йилда барча тоифа хўжаликларида эчкилар сони 1 миллион бошни ташкил этган бўлса, тармоқни ривожлантириш мақсадида берилган имтиёзлар ва преференциялар ҳисобига жорий йил бошига 4 миллиондан ошди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/go63zih24kM" title="Echki suti yarmarkasi tashkil etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, жорий йил бошида тасдиқланган дастурлар доирасида тармоқда янги лойиҳаларни ишга тушириш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида тармоқда умумий қиймати 257,7 миллиард сўмлик 206 та қўй ва эчкичилик лойиҳалари ишга туширилиб, уларда 36 минг бош қўй-эчкилар парвариши йўлга қўйилди.
2024 йилда четдан жун ва сут йўналишидаги 15 минг бошдан ортиқ эчкилар олиб келиниб, фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида парваришланмоқда.
Бугунги кунда республикамизда Ўзбекистон оқ жунли, қора тивитли, оқ тивитли, Заанен, Тоггенбург, Нубий ва Ангор зотлари парваришланмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг апрель-сентябрь ойларида Туркиянинг “Kayalar Group” наслчилик корхонасида 1,2 минг бош “Ангор” зотли ва Россия Федерацияси “Кайрал” наслчилик корхонасидан 1 минг бош соф зотли эчкилар олиб келиниб, Тошкент, Наманган Андижон вилоятларига етказиб берилди.
Маълумотларга кўра, Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Шох Милк наслчилик” МЧЖда жами 720 бош, шундан 525 бош Заанен зотли наслли она эчкилар парвариш қилинмоқда. Хўжаликда ҳар 100 бош она эчкидан 105 тадан жами 550 бош улоқ олинди. Аҳоли ва фермер хўжаликларига 110 бош наслли эчкилар етказиб берилди.
Гулноза Бобоева, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА