Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли ва ташкилотларга юридик хизмат кўрсатиб, ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш ҳамда соҳани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини янги босқичда оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ шу йилнинг 1 октябридан республикамизнинг барча ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ маълумот ва жараёнларни электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш имконини берувчи "Е-ҳуқуқшунос" электрон тизими жорий этилди.

Айни кунларда ўз фаолиятини бошлаган Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси ҳузуридаги Термиз шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари ҳам ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини давлат ташкилотлари ходимларига тушунтириб, "Е-ҳуқуқшунос" электрон тизими имкониятларидан тўғри фойдаланиш юзасидан билим ва кўникмаларини шакллантирмоқда. Ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Термиз шаҳар молия бўлимида ўтказилган ана шундай тадбирда раҳбар ва ходимларга Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида иш бошлаган юридик хизмат кўрсатиш марказининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари шунингдек, ишга тушурилаётган “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизимидан тўғри фойдаланиш ҳусусида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, янги марказ юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб, уларга сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиши, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириб бориши тушунтирилди.
Давлат ташкилотларида юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ маълумот ва жараёнларни электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш имконини берувчи "Е-ҳуқуқшунос" электрон тизимининг қулайликлари, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўз вақтида самарали ҳимоя қилиниши, давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний, ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.
М.Турдиев, С.Сайфитдинов , Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси ҳузуридаги Термиз шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсультлари
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА