-
Байрактар: Туркия – дрон бозорида дунё етакчиси
Туркиянинг “Байкар” авиасозлик компанияси директори Байрактарнинг айтишича, компания дрон ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи. Завод маҳсулотининг 90 фоиздан кўпи экспорт қилинмоқда.
Бугунги кунда Туркия глобал дрон бозорининг 65 фоизини эгаллаган, 20 йил аввал мамлакат бу борада 89 фоиз импортга қарам эди. Байрактар Фарғоний фазо ташаббуси ҳақида ҳам гапириб, биринчи сунъий йўлдош келаси ой учирилишини билдирди.
Компания айни пайт глобал миқёсда жойлашувни аниқлаш тизимини ишлаб чиқиш ва коинотга автоном учириладиган қурилма яратиш устида ишлаяпти.
Европа сурияликларни қабул қилмоқчи эмас
Европа давлатлари сурияликларнинг бошпана сўраб қилган мурожаатлари кўриб чиқилишини тўхтатмоқда
Кўҳна қитъада бундай давлатлар сони 15 тага етди. Европа Иттифоқи вакили Грегори маълум қилишича, ушбу қарор Суриядаги вазият Асад режими қулагандан кейин қандай ўзгаришини кузатиш истаги билан боғлиқ.
2023 йил ЕИ ҳудудида жами 1,1 миллион хорижлик бошпана сўраган. Бу 2015-2016 йиллардаги миграция инқирозидан кейинги энг юқори кўрсаткич.
Миср ва Эрон раҳбарлари 12 йил ичида биринчи марта учрашди
Қоҳирада бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЭКО) 11-саммити доирасида Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси эронлик ҳамкасби Масъуд Пезешкиён билан учрашди. Мазкур икки давлат раҳбарлари охирги 12 йилда илк бор юзма-юз суҳбатлашди.
Етакчилар минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва Яқин Шарқда барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди, деб ёзган Эроннинг Тасним ахборот агентлиги.
Миср 1979 йил, Ислом инқилоби юз берганда Эрон шоҳига бошпана берган, урушда Ироқни қўллаб-қувватлаган ва Исроил билан тинчлик шартномаси имзолаган. Айни жиҳатлар Теҳроннинг норозилигига сабаб бўлган ва ўзаро келишмовчилик кучайган эди.
Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров III Халқ қурултойида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу йўл Шарқ ва Ғарб ўртасида стратегик кўприк бўлиб, савдо, туризм, саноат ривожи учун янги имкониятлар очади.
Трамп ЕИга таҳдид қилди
АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп агар Брюссель Қўшма Штатлардан нефть ва газ харидини оширмаса, Европа Иттифоқига нисбатан оширилган импорт божи жорий этиш ниятидалигини билдирди.
– ЕИ АҚШ билан савдо муносабатидаги салмоқли камомадни биздан нефть ва газ харид қилишни сезиларли даражада ошириш орқали қоплаши керак, – деб ёзди Трамп ўз ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. – Акс ҳолда, иттифоқ давлатлари тўлиқ тарифларга дуч келади. Мен ЕИни бу ҳақда огоҳлантирдим.
Чад Франциядан қўшинини 31 январгача олиб чиқишни талаб қилди
Франция билан ҳарбий ҳамкорлик шартномасини бузган Чад ҳукумати француз қўшинлари 31январгача мамлакатни тарк этиши зарурлигини билдирди. Айни мазмундаги ахборотни РФИ радиоси ҳар икки давлат манбаларига таяниб тарқатган.
Франция ҳукуматига яқин шахс айтишича, Париж буюртмани пайшанба куни олган. Чад томони эса французлар февраль ойи охири, муқаддас Рамазон ойи бошланишидан олдин кетиши маъқуллигини таъкидлаган. Дарвоқе, ҳар икки томон музокара “конструктив тарзда” давом этаётганини қайд этган.
Ироқ суриялик ҳарбийларни ватанига қайтарди
Ироқ ҳукумати қуролли мухолифат ҳужуми ортидан мамлакатни тарк этган 1900 дан ортиқ ҳарбий хизматчини Сурия томонига топширди. Бу ҳақда Қуролли кучлар қўшма амалиёт қўмондонлиги маълум қилди.
Суриялик ҳарбийлар Дамашқдаги янги расмийлар илтимосига кўра уйларига жўнатилган. Улар қайтишдан олдин тегишли ёзма розилик далолатномасини тўлдирган. Ироқ томони Суриядаги муваққат ҳукуматни ватанга қайтган аскарлар хавфсизлигини таъминлаш, уларни афв этиш ва оилалари бағрига қайтишини кафолатлашга чақирди.
ЕИ: Украина ҚК тезроқ янги бригадаларини тайёрлаши зарур
19 декабрь куни ЕИ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтди. Анжуманнинг якуний баёнотида, жумладан, шундай дейилган:
– Европа кенгаши Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, ўқ-дори ва ракета билан таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатни зудлик билан кучайтириш ҳамда Қуролли кучлари янги бригадаларини тайёрлашни тезлаштиришга чақирди.
ЕИ Украинага 2025 йил 30,6 миллиард евролик молиявий ёрдам кўрсатишни кўзда тутган.
С.Раҳимов ЎзА