Жорий йилнинг апрель ойида таэквондо WТ бўйича Хитойда ўтган икки йирик XIII Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ва "WТ Президенти кубоги" мусобақасида вазни 80 килограммгача бўлган таэквондочилар ўртасида ҳамюртимиз Жасур Жайсунов олтин медални қўлга киритган эди.
Ушбу муваффақият натижасида Жасур Бутунжаҳон таэквондо иттифоқининг май ойи учун янгиланган жаҳон рейтингида 116.24 балл тўплаб, ўз вазнида дунёнинг учинчи рақамли таэквондочисига айланди.
Спортчимизнинг бу муваффақиятлари мамлакатимизда ёш авлодни жисмоний тарбия ва спорт орқали ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда спорт соҳасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида, юртимизнинг турли ҳудудларидан халқаро майдонларда ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш чемпионлар етишиб чиқмоқда.

Жасур Жайсунов ҳам ана шундай улкан муваффақиятга эришаётган ёш спортчиларимиздан бири. У 7 ёшидан мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Жасур таэквондонинг илк усулларини биринчи устози, Денис Чебикиндан ўрганган.
Таэквондочимиз туман ва шаҳар биринчиликларида анча тобланди. Хато ва камчиликлар устида ишлади. Бунинг самарасида у 2015 йили илк маротаба мамлакат чемпиони бўлди.
У дастлабки халқаро ютуқларга 2019 йилда эришди. Ёшлар ўртасида Иорданияда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган таэквондочимиз Россияда ўтган халқаро турнирда олтин медални қўлга киритди. 2020 йил Истанбулда ўтказилган халқаро мусобақада кумуш медаль билан тақдирланди. Орадан бир йил ўтиб, Ливан давлати мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза, «Beirut Open-2021» мусобақасида кумуш медалга эга чиқди.
2022 йил Жанубий Кореяда ўтказилган таэквондо бўйича қитъа биринчилигида Жасур Жайсунов 74 килограммгача вазн тоифасида Осиё чемпионига айланди. Шунингдек, фаолияти давомида турли мамлакатларда ўтган «Катта дубулға» Гран-при мусобақаларида шоҳсупага кўтарилди. 2023 спорт мавсуми ҳам Жасур Жайсунов учун омадли ўтди. Спортчимиз Осиё чемпионати, «Катта дубулға» мусобақаси, Гран-При турнирида шоҳсупага кўтарилди.

2024 йили ўтган қитъа биринчилиги ва “Fujairah Open” мусобақаларида олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Хитойда ўтган таэквондо WТ бўйича «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинлари учун Осиё лицензион турнирида спортчимиз ўз вазн тоифасидаги баҳсларни муваффақиятли ўтказган ҳолда Олимпиада йўлланмасига эга чиқди. “Париж-2024” Олимпиадасида бронза медали учун ўтиш босқичига қадар иштирок этиб, улкан тажриба тўплади. Шунингдек, спортчимиз ўтган йили Хитойнинг Уси шаҳрида ўтган "Катта дубулға" саралаш мусобақаси финалида мезбонлар вакили Жао Жунбони ортиқча қийинчиликсиз 2:0 (8:2, 12:3) ҳисобида таслим этди ва мусобақа ғолибига айланган ҳолда "Катта дубулға"нинг асосий турнирига йўлланмани қўлга киритди.
Жорий йилги спорт мавсуми ҳам иқтидорли таэквондочимиз учун муваффақиятли бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Ж.Жайсунов “Fujairah Open – 2025” турнирида олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, XIII Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда "WТ Президенти кубоги"да 80 килограммгача вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Таэквондочиларимизнинг юксак натижалари мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси, истеъдод эгаларини маҳоратли спортчилар этиб тарбиялаш тизими тўғри йўлга қўйилганидан далолат.

Жасур Жайсунов ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бош мураббий Павел Хан қўл остида пойтахтимиздаги Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси базасида Хитой ва Бразилия миллий терма жамоалари иштирокида таэквондо WТ бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғинида ўз маҳоратини оширмоқда.
– Аввало, биз спортчиларнинг улкан марраларни забт этишимизда барча имкониятларни яратиб бераётган давлатимизга ва спортимиз мутасаддиларига миннатдорлик билдириб ўтмоқчиман, – дейди Жасур Жайсунов. – Ўтган ойда Хитойдаги нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этдим ва бу турнирлар орқали шу йили бўлиб ўтадиган йирик турнирлар – жаҳон чемпионати, Ислом бирдамлик ўйинлари каби мусобақалар учун муҳим рейтинг очколарини ишлаб олдим. Мусобақалардан қайтишимиз биланоқ ўз қароргоҳимизда Бразилия ва Хитой Олимпия терма жамоалари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқдамиз. Бу машғулотлар бизга навбатдаги старт — 18 май куни София шаҳрида ўтадиган "WT President's Cup Europe" мусобақаси олдидан яхши тайёргарлик вазифасини ўтайди. Умид қиламанки, бу мусобақада ҳам ўз вазн тоифамда кучлилар қаторида бўламан.
Тинимсиз меҳнат ва юрт шанини юксалтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Жасур Жайсунов билдирилган ишончни оқлаш учун тинимсиз ҳаракатда. Спортчимизнинг янги-янги чўққиларни забт этишига тилакдошмиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА