Андижонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида J30 таснифига кирувчи нуфузли мусобақада йигит ва қизлар яккалик ҳамда жуфтлик баҳсларида рақобатлашмоқда.
Мусобақанинг яккалик беллашувларида Беҳрузжон Бахшиллаев украиналик Кирилл Чистиковни 6:3, 7:6 ҳисобида таслим этган бўлса, Юсуфбек Маликов қозоғистонлик Егор Сорокинни 6:3, 5:7, 6:3 ҳисобида енгди. Шунингдек, Амир Сафоев, Алибек Отабоев, Ҳамиджон Мансуров, Абдураҳмон Каримов каби теннисчиларимиз илк турдан муваффақиятли ўтди.
Қизлар ўртасида эса Самира Қозиева нейтрал мақомдаги теннисчи Мария Сосуновани 6:3, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Наргиза Собитова эса Тамара Гавашелини 7:6, 6:2, Эмили Ким эса қозоғистонлик Татьяна Ивановани 4:6, 6:1, 6:1, Муслимахон Турдимова нейтрал теннисчи Божена Савчукни 6:2, 6:4 ҳисобида мағлуб этган ҳолда иккинчи даврага чиқди.
Айни дамда мусобақада жуфтлик беллашувлари давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА