Мамлакатимизда маориф ва илм-фанни ривожлантириш, шунингдек, давлат ва жамият манфаатларини илгари сурувчи, миллий руҳга эга кадрларни тайёрлаш йўналишида стратегик қадамлар изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш” тамойили белгиланган бўлиб, ушбу мақсад таълим ва тарбия тизимини чуқур ислоҳ этишга қаратилган. Шу йўналишда “Таълим учун қулай муҳит яратиш” дастури доирасида умумтаълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларни олий таълимга қамраб олишни кенгайтириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини тарғиб қилиш ҳамда жамиятда китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилган.
[gallery-23355]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт" йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида аҳолининг замонавий билим, кўникма ва малакаларини юксалтиришга оид “Маърифат улашиб” лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга юртимизда дунё илм-фанига, зиё ва маънавиятга улкан ҳисса қўшган буюк алломалар ва мутафаккирлар етишиб чиққан. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Aҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз ўзларининг беқиёс илм-маърифатлари билан умуминсоний маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган.
Бугунги кунда буюк мероснинг издошлари сифатида “Маърифатли миллат” ғоясини янада ривожлантириш, ёшларга замонавий билимлар билан бир қаторда миллий қадриятлар асосида тарбия беришда ҳар бир зиёли ўзини масъул, деб билиши муҳимдир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қўшма қарори асосида Халқаро исломшунослик академиясида вазирлик ва идораларнинг соҳа бўйича мутахассислари учун “Дунё тамаддунига маърифатли миллат билан” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Ўқув-семинарда вазирлик ва идораларнинг маънавий ва маърифий ишлар бўйича масъуллари иштирок этди. Улар томонидан берилган саволларга маърузачилар турли мисоллар орқали батафсил жавоб қайтарди.
Н.Усмонова,
Аслиддин Алижонов (суратлар), ЎзА