Ҳамдўстлик форуми
Жорий йилнинг 19-21 май кунлари пойтахтимизда “Central Asia – 2021: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари” мавзусида XIV Халқаро конференция ўтказилади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси медиа марказида шу муносабат билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда китобхонликка, кутубхона тизимига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилди. Бунинг самарасида мавжуд эски кутубхона биноларининг аксарияти таъмирдан чиқарилди, жойларда замонавий, кўп қаватли янги кутубхоналар барпо этилмоқда. Эндиликда тизимда халқаро тажриба алмашиш, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълум қилинишича, 1870 йил май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида очилган кутубхона фонди ўша даврда 1200 номдаги 2200 дона китобдан иборат бўлган. 2021 йилга келиб, яъни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 150 йиллик тўйини нишонлаётган айни кунларда унинг умумий фонди 7,5 миллионга яқин ахборот-кутубхона ресурсларидан иборат. Фонд газета, журнал, китоблар, ноталар, хариталар, пластинкалар, техник андозалар, плакатлар, афишалар ва бошқа моддий ва маънавий манбаларни ўз ичига олади.
– Ўн тўртинчи марта ўтказилаётган ушбу йирик халқаро конференциянинг аввалгиларидан фарқи, бу йил анжуман доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг гуманитар ҳамкорлиги бўйича “Китоб ва мутолаа – жамият тараққиётининг стратегик ресурси” мавзусида форум ҳам ташкил этилади, – дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Шунингдек, бу йилги анжуман ўтган йилдагиларидан китоб ва китобхонлик масалалари, соҳадаги муаммолар, пандемия шароитида бутун дунё кутубхоналари тажрибалари, илмий-методик фаолият ҳолатига, илмий фаолият юритишда жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланишнинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилиши билан аҳамиятлидир.

Президентимиз томонидан ахборот-кутубхона соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ахборот-кутубхона фаолияти бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда аҳолининг барча қатламларини кутубхона хизмати билан қамраб олиш, шунингдек, узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиганлар учун кўчма кутубхоналар ташкил этиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш, ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан туриб фойдаланишни ривожлантириш, ахборот-кутубхона муассасалари ва мутахассисларининг имижини яхшилаш каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши мана шу эътибор натижаси бўлади десак янглишмаймиз.
“Central Asia: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари” XIV Халқаро конференциясида Россия, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Беларусь Республикасидан соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.

Конференцияда китобхонлик масалалари, кутубхоначиликни олдида турган истиқболдаги вазифалар ҳамда ўз ечимини кутаётган масалаларга бағишланган илмий шўъбалар, амалий семинарлар, маҳорат дарслари онлайн ва оффлайн ташкил этилиши режалаштирилган. Форумга хорижий ташкилотлардан, хусусан, Россия китоб иттифоқи, Озарбайжон Миллий кутубхонаси, Арманистон, Беларусь ва қўшни давлатлар миллий кутубхоналаридан, хорижий нашриётлар, олий таълим муассасаларидан 30 га яқин вакил келиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 декабрдаги қарорига кўра “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилган. Конференция доирасида ахборот-кутубхона соҳаси ривожи, хизматлар кўрсатишнинг янги тизимини яратиш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ҳамда бу йўналишда юқори натижаларга эришган фуқароларни рағбатлантириш кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида сўнггида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга кутубхона раҳбарияти жавоб берди.
Юлдуз ЎРМОНОВА, ЎзА