30 июль – Халқаро дўстлик куни
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг Бухоро вилояти Кенгаши томонидан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги тотувликни тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Учрашувда сўзга чиққан вилоят Кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов барчани Халқаро дўстлик куни муносабати билан самимий табриклар экан, ўзбек халқи азалдан дўстлик, садоқат, меҳр-оқибат ва бирдамлик каби эзгу туйғуларни ўзининг миллий қадриятлари қаторида эъзозлаб келаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, бу анъаналарни сақлаб қолиш ва янада юксалтириш ҳар бир фуқаро учун муҳим вазифа эканини қайд этди. Халқаро дўстлик куни дунё халқлари ўртасида тинчлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни оширишда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида рус, корейс, немис, татар-бошқирд, қозоқ, озарбайжон, тожик-форс, турк, туркман, яҳудий ҳамда поляк миллий маданий марказларининг Бухоро вилояти бўлимлари раҳбарлари “Миллий тикланиш” демократик партиясининг вилоят Кенгаши фаолларни муносиб тақдирлади.
Тадбир самимий ва илиқ муҳитда ўтди. Миллий маданий марказлар вакиллари кўрсатилган эътибор ва эътироф учун миннатдорлик изҳор этиб, келгусида ҳам юртимиздаги миллатлараро дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлашда ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.