Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик, турли миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси томонидан 2021 йил 27 январда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2021 йил 5 февралда тасдиқланган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан бир неча йилдан буён юртимизда 30 июль – “Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонланиб келинади.
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган ушбу қонун ҳужжати энг аввало, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Бош Қомусимиз ва бошқа меъёрий ҳужжатларда ҳам юртимизда яшовчи турли миллат ва элатларнинг ҳуқуқ, эркинликлари қонун йўли билан ҳимояланган. Уларнинг ўз она тилини ўрганиши, анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратиб берилган. Буни Андижон вилоятида мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бугунги кунда вилоятда элликдан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч, осойишта яшаб келади. Айниқса, Қирғиз, Уйғур, Рус, Корейс ва Арман миллий-маданий марказлари вилоят бўлимлари томонидан миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътирофга сазовор.
Умуман, вилоятимизда “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан вилоят ҳокимлиги, Маданият бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда миллий маданий марказлар вилоят бўлимлари ҳамкорлигида турли миллат ва элатларнинг урф-одат ҳамда анъаналарини ўзида мужассам этувчи, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи тадбирлар, концерт дастурлари, кўргазмалар, дўстлик фестиваллари доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, туман, шаҳар бўлинмалари томонидан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, миллий маданий марказлар вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда “Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда минглаб юртдошларимиз, турли миллат вакиллари иштирок этмоқда.

Жалақудуқ тумани “Оқбулоқ” болалар оромгоҳида ўтказилган “Дўстлик фестивали”да турли миллатлар урф-одат ва анъаналари кенг тарғиб этилди. Ўзбек, қирғиз ва бошқа миллатларнинг миллий либослари, таомлари ҳамда қадриятлари намойиш этилди. Миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида турли миллат вакилларидан иборат “Мулоқот клуби” ташкил этилди. Ушбу тадбир турли миллат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Асака туманидаги 20-умумтаълим мактабида ўтказилган “Дўст билан обод уйимиз” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтди. Туман ҳокими Насибулло Мўминов, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, турли миллат вакиллари қатнашган тадбирда азал-азалдан қўни-қўшни, қон-қариндош, қуда-анда бўлиб яшаб келаётган ўзбек, тожик, қирғиз миллати вакиллари ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди.
Марҳамат туманининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Бирлик маҳалласида ўтказилган “Қўшничилик – минг йилчилик” деб номланган тадбирда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Эргашали Абдужалилов, туман фаоллари, маънавият тарғиботчилари, туманда яшаётган ўзбек, қирғиз ва бошқа миллат вакиллари иштирок этди. Тадбирда миллий либослар ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси, савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилаётган бу каби тадбирлар юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ҳамда бағрикенглик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Нигорахон Қашқабоева,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА