Бугунги глобаллашув ва ўзаро боғлиқлик шароитида мамлакатлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан муҳим. Спорт эса халқлар, айниқса ёшлар ўртасидаги дўстона муносабатни ривожлантириш, умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш ва тинчлик маданиятини қарор топтиришда ўзига хос “дипломатия тили” ҳисобланади.
Маълумки, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири – Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлаш, қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ҳамда ўзаро манфаатга асосланган алоқаларни ривожлантиришдан иборат.

Айни йўналишда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳам турли маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида спорт дипломатиясини тарғиб этиш, дўстона муносабатни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё давлатлари халқларини яқинлаштириш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этиб келмоқда.
Тошкентда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилган “Дўстлик кубоги” халқаро футбол турнири фикримизга далил бўла олади.

Ушбу мусобақада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган, 12 ёшли ўсмирлардан иборат -16 жамоа иштирок этди. Ёш авлод ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларнинг истеъдодини ҳар томонлама рағбатлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзига ундаш мақсадида ташкил этилган турнир қизиқарли, кескин ва томошабоп ўйинларга бой кечди. Якунда ОКМК(Ўзбекистон) клуби ғолиб чиқди. Иккинчи ўрин ГОКЖЕ-2015(Туркманистон) ёш футболчиларига насиб этди. Учинчи ўринга Чиғатой ва Жиззах жамолари сазовор бўлди. Барча совриндорларга Марказ томонидан кубок ва эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, номинациялар бўйича ”Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши дарвозабон” ва “Энг яхши мураббий” алоҳида тақдирланди.
Бундай эътироф ёш футболчилар, мураббийларни янада руҳлантириб, келгусида янги ғалабалар сари илҳомлантириши табиий. Шу билан бирга иштирокчилар ўзаро мулоқот қилиб, янги дўстлар орттириш имконига ҳам эга бўлди.

Тадбир якунида Марказ директори Қобилжон Собиров Тошкент шаҳри футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Азамат Абдураимовга спорт дипломатиясини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун “Халқ дипломати” кўкрак нишонини топширди.
Ҳозирги интеграциялашув даврида миллатлар ўртасидаги мулоқот муҳим аҳамиятга эга. Ахборот ва ўзаро тажриба алмашиш, бир-бирини англаш орқали халқлар ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, ҳамжиҳатликка эришади, жипслашади. “Дўстлик кубоги” айнан шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА