Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб Вашингтонда ўтган Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ етакчилари учрашуви - C5+1 саммити ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи ва АҚШ Президенти Доналд Трамп билан бўлган музокаралар мамлакатимиз ташқи сиёсатининг янги, мувозанатли ва амалиётга асосланган босқичини бошлаб берди. Қолаверса, Ўзбекистон Президентининг ушбу саммитдаги иштироки Марказий Осиёда кечаётган сиёсий жараёнларнинг янги босқичини белгилади. Унда минтақавий ҳамкорлик ва келгусидаги ўзаро алоқалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шундан сўнг йиғилишда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус дирекциялар тадбиркорлик субъектлари томонидан ер қонунчилиги бузилган ҳолларда иқтисодий судларга даъво аризаси билан мурожаат этганда давлат божидан озод этилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур ташаббус маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини фаоллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ҳамда судга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, судга мурожаат қилиш жараёнларини енгиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан тезкор чоралар кўриш имконини беради.
Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовга 2019–2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси" ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент сўровини юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА