Тошкент вилояти ҳокимлигида ёзги таътилда ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича “Долзарб – 90 кун” доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, сектор раҳбарлари, прокуратура, ички ишлар органлари масъуллари, ёшлар ишлари, таълим ва маданият каби соҳаларга тааллуқли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, онлайн тарзда туман-шаҳарлардан ҳам тегишли мутахассислар қатнашди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган таълим соҳасига оид видеоселектор йиғилишида берилган вазифаларнинг жойларда амалга оширилиши кўриб чиқилди. Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Хусусан, 31 май куни старт олган барча мактабларда “Долзарб –90 кун” доирасида ёз фасли давомида 500 минг нафар ўқувчи-ёшлар учун маданий-маърифий ва спорт тадбирлари касб тўгараклари ташкил этилади. Бунда кундузги ва стационар оромгоҳлар, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, маданият марказлари ва болалар мусиқа ва санъат мактаблари, музейлар, Турон ахборот кутубхона марказлари ёшлар хизматида бўлади.

Шунингдек, туман ва шаҳарлар марказларида “Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” мактаб ансамбли жамоаларининг концерт дастурлари ташкил этилади. Ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга оид “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа”, “Ёш китобхон оила”, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилади.
“Маънавият фестивали” доирасида “Зукко болажон”, “Китобхон ёш – 2025”, “Кино-карвон” лойиҳалари ҳамда шоир, ёзувчи, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар ва уларнинг янги чоп этилган китоблар тақдимоти ва маданий тадбирлар ташкил этилади. Ўқувчиларни тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар билан яқиндан таништириш бўйича “Вилоят бўйлаб саёҳат” лойиҳалари амалга оширилади.

Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида, дуал таълим концепцияси бўйича потенциал иш берувчи ва таълим ташкилотлари ўртасида ёз ойларида ҳамкорликда фаол иш олиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди. Йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиб, билдирилган таклифлар асосида ишчи режани қайта ишлаш топширилди.

А.Мусаев, ЎзА.