Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбга йўналтириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ижодий қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш борасида Кегейли тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларни маданий, маърифий ва спорт тадбирларига фаол жалб қилиш мақсадида жорий этилган "Долзарб 90 кун" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, мактабдаги тўгараклар фаолиятини тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда туман “Баркамол авлод” болалар мактабида 7 та йўналишда жами 26 та тўгарак бўлиб, уларга 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 832 нафар ўқувчи жалб қилинган. Ўқувчиларга 30 нафар, шундан 45 нафар олий, 15 нафар ўрта-махсус ва 13 нафар тугалланмаган олий маълумотли педагог кадрлар таълим бериб келишмоқда.
Ташкил этилган 4 та “Маданият ва санъат” тўгарагига 121 нафар, “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш” йўналишидаги 6 та тўгаракка 181 нафар, “Жисмоний тарбия ва спорт” йўналишидаги 1та тўгаракка 44 нафар, “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” йўналишидаги 7 та тўгаракка 265 нафар, “Туризм ва экология” йўналишидаги 1та тўгаракка 44 нафар, “Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов” йўналишидаги 5 та тўгаракка 122 нафар, “Хорижий тиллар” йўналишидаги 2та тўгаракка 55 нафар ўқувчи қатнашмоқда.
[gallery-25067]
Мактабда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни замон талаби – чет тилларини мукаммал ўрганишлари учун “Инглиз тили” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда билим олаётган ўқувчилар чет тилларини билиш бўйича В2, С1 даражадаги сертификатларни олишга муваффақ бўлишмоқда. Шу билан бирга, ўқувчиларни замонавий касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида “Компьютер дизайни ва графикаси”, “Робототехника” “Ёш дастурчи” каби замонавий тўгараклар ташкил қилиниб, ўқувчи-ёшларнинг компьютер саводхонлиги бўйича дастлабки билим ва кўникмалари шакллантирилиб келинмоқда. Шунингдек, битирувчи ўқувчиларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш мақсадида “Математика”, “Кимё” тўгаракларида тажрибали, олий тоифали тўгарак раҳбарлари фаолият кўрсатмоқда.
Ўқувчи-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш учун “Бичиш-тикиш”, “Тўқиш, каштачилик”, “Ёш қандолатчи ва ошпаз”, “Маданият ва санъат” йўналиши бўйича “Театр оламига саёҳат”, “Қўғирчоқ театри”, “Тасвирий санъат”, “Либослар дизайни” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.
Ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятларини намоён қилиш мақсадида "Баркамол авлод" болалар мактабларининг тўгарак аъзолари ўртасида, халқаро ва республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловлар ва мусобақаларда фаол қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллаб келмоқда. 2024-2025-ўқув йили сентябрь ойида ўтказилган “Ёш ихтирочи” Республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Автомодель” йўналиши бўйича “Компьютер муҳандислиги” тўгараги аъзоси Расул Мамбетмуратов фахрли биринчи ўринни, республика босқичида эса учинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, “Маданият ва санъат” йўналиши бўйича ўтказилган “Бойсун баҳори” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Распубликаси босқичида “Мийрас” гуруҳи биринчи, Республикаси босқичида учинчи ўринни қўлга киритди. Шу билан бирга, тўгаракларнинг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан ташкил қилинаётган онлайн кўрик-танловларда ҳам фаол иштирок этиб, муносиб ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишишди ва иштирокчилар билан суҳбатлашишди. Тадбир "Долзарб 90 кун" лойиҳаси якунига бағишланган концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА