“Долзарб 90 кун” – бу вақт ўтказиш эмас, балки билимга йўл
Президент топшириғи амалда
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси Тошкент вилоятида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Аслида ёзги таътилда мактаб ўқувчиларининг ҳаммаси ҳам оромгоҳларга қамраб олинмайди. Айримлари бу вақтда уйда ўтказади. Натижада, уларда смартфон ва интернетга қарамлик ортади. Ота-оналарнинг ишда экани инобатга олинса, кўп ёшлар кундузи қаровсиз қолади. Бу ҳолат нафақат мактаб ўқувчилари, балки олий таълим муассасалари талабалари орасида ҳам кузатилади. Айримлари ишласа, аксарияти турли ижтимоий тармоқларга қарам бўлади, бу эса бор гап.
Айнан мана шундай шароитда ёшларга маънавий кўмак бериш, уларни ижодий, таълимий ва касбий фаолиятга жалб қилиш муҳимдир. Ҳозир барча таълим муассасаларида ёшлар учун фан, спорт ва касб тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида ҳам “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида бир қатор маънавий-маърифий ва амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.

1 июндан старт олган ушбу лойиҳа август ойи охиригача давом этади. Шу давр мобайнида мактаб битирувчилари учун давра суҳбатлари, пайвандлаш тўгараклари, кўчма лабораториялар ҳамда турли фанлар бўйича семинар-тренинглар ўтказиляпти. Битирувчи ёшлар олийгоҳдаги замонавий лаборатория ва ўқув хоналари фаолияти билан яқиндан танишиш, билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш имконига эга бўлмоқда. Бундай ҳамкорликдаги фаолият ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни келажакда рақобатбардош кадр сифатида тайёрлашда муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, ёшларнинг маънавий-ахлоқий қиёфасини шакллантиришга қаратилган психологик тренинглар ҳам ташкил этилиб, маҳаллалар билан ҳамкорликда турли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, учрашувлар ташкил этилмоқда. Уларда стрессни бошқариш, руҳий барқарорликни сақлаш ва ҳаётдаги муаммоларни енгиб ўтиш борасида ёшларга аниқ йўл-йўриқлар берилмоқда.

Бундан ташқари, ёз ойларида ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, спортга бўлган қизиқишини кучайтириш мақсадида таълим муассасалари спорт майдонлари ва заллари фаолият кўрсатмоқда. Масалан, ОТМ ва мактаблар ҳамкорлигида ёшларда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида спортнинг турли йўналишларида мусобақалар ташкил этиляпти.

“Долзарб 90 кун” лойиҳаси эса ёшлар учун фақат вақт ўтказиш эмас, балки келажак ҳаёти учун зарур кўникмаларни шакллантириш, билим ва кўникмани бойитиш, ижтимоий фаолликни ошириш йўлидаги улкан имкониятдир. Ҳар бир устоз, таълим муассасаси ва маҳалла раҳбари бу жараёнда фаол иштирок этиши, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришда ўз ҳиссасини қўшиши бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Алишер Самадов,
ТДТУ Олмалиқ филиали директори,
техника фанлари доктори, профессор.
ЎзА.