Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси”да машҳур россиялик теннисчи, 2009 йилги жаҳон рейтингининг биринчи рақамли ракеткаси ва “Катта дубулға” турнирлари финалчиси Динара Сафина иштирокида илҳомлантирувчи маҳорат сабоқлари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир “ITF W15 Tashkent” халқаро аёллар теннис турнири доирасида ташкил этилди.
Динара Сафина томонидан ўтказилган маҳорат сабоқларида ўнлаб ёш спортчилар, мураббийлар ҳамда теннис ихлосмандлари қатнашди. Иштирокчилар афсонавий теннисчи билан бевосита мулоқот қилиш, саволлар бериш ва у билан биргаликда кортда машқ ўташ имкониятига эга бўлди.
Машғулот давомида Динара техник тайёргарлик, психологик барқарорлик ва интизомнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, муваффақият ўйинга муҳаббат ва меҳнатсеварликдан бошланишини таъкидлади.
[gallery-25914]
Машғулотдан сўнг матбуот анжумани, фотосессия ташкил этилди. Спортчи журналистлар ҳамда ёш теннисчиларнинг саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон теннис федерацияси аёллар теннисини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. “ITF W15 Tashkent” турнири ва Динара Сафинанинг ташрифи — қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, тенг имкониятлар яратиш ҳамда янги истеъдодларни кашф этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
“W15 Tashkent” турнири турли мамлакатлардан келган профессионал спортчиларни бирлаштириб, тажриба алмашиш, илҳомланиш ва янги ютуқларга йўл очувчи майдонга айланди.
Турнирнинг энг ёш иштирокчиси Александра Бармичева иқтидорли ёш теннисчилар тимсолига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
ЎзА