Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари

Дилором Мамедова миллий анъана ва қадриятларни тасвирий санъат воситасида тараннум этиб келаётган маҳоратли рассомлардан саналади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) қошидаги санъат галереясида “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” номли кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Васила Файзиева, санъат ихлосмандлари, ёш экофаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кўргазманинг очилишида Президент ташаббуси билан янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, хусусан, миллий тасвирий санъат соҳасида ҳам янги давр бошлангани эътироф этилди.  

Юртимиз рассомлари яратилган имкониятлардан руҳланиб, халқаро майдонларда ўз истеъдодини намоён этмоқда. Атроф-муҳитни асрашга бўлган алоҳида эътибор сабаб сўнгги йилларда Ўзбекистонда мавзуга доир қатор йирик халқаро пленэрлар ташкил этилди. Хорижий мамлакатлар ҳайкалтарошлари иштирокида Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумларини ўтказиш яхши анъанага айланиб улгурди. “АРТеpа” галереяси ушбу йўналишдаги навбатдаги йирик лойиҳа бўлиб, маданий қадриятларни сақлаш, яратиш, ўрганиш, тарғиб этиш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи маданий муассаса ҳисобланади.

Ушбу санъат галереяси ўз фаолиятида атроф-муҳитни асраш, барқарор ривожланиш, экологик маданиятни шакллантириш ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган илмий, маданий-маърифий ташаббусларни қўллаб-қувватлаши ҳамда ушбу йўналишлардаги санъат ва илмий ғояларни тарғиб этиши билан диққатга сазовор.  

Азиз Абдуҳакимов илк кўргазма сифатида айнан “Дилором Мамедованинг 100 ноёб асари” кўргазмаси танлангани бежиз эмаслигини таъкидлади.

–  Рассомнинг асарлари она-Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат ва инсон қалбини чуқур ҳис этиш руҳи билан суғорилган, – деди А.Абдуҳакимов. – Унинг ўзига хос бадиий услуби ўзбек халқининг бой маданий мероси — урф-одатлари, анъаналари ва маънавий қадриятларини ўзида акс эттиради. Шунингдек, кўргазмага бағишлаб рассомнинг барча асарлари жамланган махсус каталог ҳам нашр этилди. Ушбу каталог санъат ихлосмандлари учун улкан эстетик илҳом манбаи бўлиши билан бирга, юртимиз бой маданий меросини тарғиб қилувчи қимматбаҳо тўпламдир.

Кўргазмада санъат ихлосмандлари Дилором Мамедованинг ноёб ва бетакрор асарлари билан яқиндан танишди.  

Рассомнинг асарларида Ватанга муҳаббат, миллийлик, эзгу ғоялар бетакрор тарзда ифода этилгани аҳамиятга молик. Унинг ўзига хос ва осонгина таниладиган бадиий услуби ўзбек халқининг бой маданий меросини — урф-одатлари, анъаналари ва маънавий қадриятларини акс эттиради.

Рассом ўзининг кўргазмага қўйилган 100 ноёб суратларини Green University'га совға қилди. “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” кўргазмаси икки ой давом этади.

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири