Тараққийпарвар боболаримиз мумтоз адабиёт, айниқса Ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур асарларидаги эзгу, маърифатли ғояларини ўрганишга жиддий эътибор қаратган. Бу жиҳатлар уларнинг илмий, бадиий асарларида, миллат келажаги йўлидаги хайрли амалларида ўзининг яққол ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, тарих фанлари доктори, атоқли тарихчи олима, жадидчилик ҳаракатининг билимдони Дилноза Жамолова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Маълумки, жадидчилик ҳаракатининг вакиллари доим янгиликка, дунё мамлакатлари, хусусан, Европа давлатларидаги энг илғор ғояларга асосланиб, фаолият юритган. Ваҳоланки, жаҳон цивилизацияси, жумладан, ўрта асрлардаги Европа Уйғониш даврига айнан Шарқ, хусусан, бизнинг диёримиздан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг илмий мероси, асарлари, кашфиётлари туртки бўлган. Бу ҳақда сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.

– Туркистон жадидлари Европа давлатларидаги энг илғор ғояларга асосланиб фаолият юритган, деган фикрга мутлақо қаршиман. Бугун ҳам айрим олимларимиз большевиклар сингдирган тафаккур ва ғояларга суяниб, Туркистон жадидчилиги рус маърифатчилигидан ўсиб чиққан, деган фикрни илгари суряпти. Биринчи ва Иккинчи уйғониш даври мутафаккирларининг авлодлари бўлмиш жадид боболаримиз – ота-боболари яратган китобларни ўз тилига ўгириб, ўқиб ўрганган, шу тадқиқотларга таянган кишиларнинг ғояларига асосланган дейиш қанчалик тўғри.

Шу ўринда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Абдурауф Фитратнинг “Шарқ сиёсати” асарида урғулаган фикрларини айтиш асосли деб ўйлайман: “Бу кун оёқлар тагинда эзилган Шарқ бир кун маданиятнинг йўлбошчиси, билим ва ҳунарнинг ўчоғи эди. Оврўпа дунёси ваҳшат ва билмаслик чўлларинда обдираб, шовқин тошқин юрар экан, Шарқ дунёси бутун инсоният оламини саодат ва тинчлик ўчоқлариға эришдурмак учун иш кўруб турар эди. Оврўпада бир маҳалла оқсоқоллиғи йўқ экан, Шарқнинг “кўзқучинос”, “браҳма”, “исо”, “зардушт” ва Муҳаммадлари бутун одам ўғулларини бир нуқтада тўплаб тўғри ва билгили йўлға киргузмак учун тиришар эдилар. Чинлилар ёзиш учун қоғоз ясағанда, оврўпалилар ўнг-сўл қўлларини бир-бириндан айира олмас эдилар”. Жадидларимизнинг бунга ўхшаш фикрлари жуда кўп. Уларнинг тараққийпарвар бўлишида европаликлар эмас, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Фаробий, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий каби буюкларимизнинг қарашлари ва ғоялари туртки бўлган. Буни жадидларнинг ўзлари ҳам бир неча бор эътироф этган. Туркистонда илмнинг улкан хазинасига эга бўлган жадидлар, ҳеч қачон унинг бир қисмидангина фойдаланганларга муҳтож бўлмайди.

– Жадид боболаримизнинг Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари алломаларимизнинг асарларини тадқиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари хусусида ҳам фикр билдирсангиз.

– Туркистон жадидлари орасида шоир ва ёзувчилик билан шуғулланган Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ҳамаза Ҳакимзода Ниёзий ва бошқалар Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини мукаммал ўрганган, десам, муболаға бўлмайди. Бундан ташқари Абдурауф Фитрат ва Вадуд Маҳмуд даврий матбуотда Алишер Навоий, унинг ҳаёти ва фаолияти, ижоди ҳақида мақолаларини эълон қилдилар. 20 юз йилликнинг 20 йилларида даврий матбуотда Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Нодирабегим ва бошқа мутафаккир, уламо ҳамда шоирлар ҳақида ўнлаб мақолалар эълон қилинди.

1925 йили Вадуд Маҳмуд “Маориф ва ўқитғучи” журналининг 3-сонида “Алишер Навоий” мақоласини ёзган. Бу мақолани 1926 йили Бокуда Навоийнинг 500 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган Туркистон қурултойига тайёргарлик кўриш вақтида ёзганини таъкидлайди. Мақолада мутафаккирнинг болалиги, таълими, Самарқанд мадрасаларидаги таҳсили, сиёсий фаолияти, шеърияти ва тасаввуфшунослиги ҳақида маълумот беради. Навоийнинг туркий тилдаги ижодига юксак баҳо бериб, туркликни севадиган шахс деб таърифлайди: “Навоийнинг форсға ва форс маданиятига бир душманлиги йўқдир, у тўғридан-тўғри миллатчи ва туркликни севатурғон бир шахсиятдир”. Алишер Навоийдан кейин ижод қилган қайсики шоир бўлмасин, ундан илҳомланиб ёзганини асослаб беради. Муқимий, Фурқат, Умархон ижодида Навоийнинг таъсирини ғазалларини таққослаш орқали кўрсатиб беради.

Навоий ижодига юксак баҳо бериб, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳалигача чуқур тадқиқ қилмаганлигидан афсусланади: “Навоий турк адабиётининг отасидир. Навоий адабиёт дунёсида жуда катта хизматлар қилғон бир кишидир. Навоий турк тилининг отасидир. Навоий буюк адиб, буюк шоир, буюк доҳийдир. Фақат қани биз уни таниймизми? Унинг хизматларини биламизми?! Унинг ким эканидан хабаримиз борми?! Ҳалигача унинг таржимаи ҳолини босдирмадик. Бир расмини чизиб чиқарғон бўлсак ҳам аслига унча мувофиқ эмасдир”.

Вадуд Маҳмуд ушбу мақоласида бухоролик тараққийпарвар Мусо Саиджоновнинг шахсий кутубхонасидан Алишер Навоийнинг форсча “Девони Фаноий”сини топгани эълон қилган.

Шу йили Абдурауф Фитрат “Маориф ва ўқитғучи” журналининг 12-сонида “Навоийнинг форсий шоирлиғи ҳам унинг форсий девони тўғрисида” мақоласини эълон қилган ва унда мутафаккирнинг форс тилидаги ижоди ҳақида маълумот берган. Абдурауф Фитрат Алишер Навоий ҳақидаги маълумотларни тақдим қилишда мутафаккирнинг асарларига таянган: “Ўзининг “Муҳокаматул-луғатайн”ида ёзғанига кўра: Навоий ўн беш яшарлиқдан қирқ яшарлиққача форс адабиёти билан жуда кучли суратда машғул бўлған, замонида мавжуд форс девонларининг ҳаммасини бўлмаса ҳам кўбини кўрган. Ўзининг форси(й) шеърларини кўбрак Хисрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозий ҳам ўзининг устоди бўлған Мавлоно Жомийнинг таъсирлари остида ёзған”.

Абдурауф Фитрат Алишер Навоийни “адабиётимизнинг бобоси”, деб атайди. Унинг форс тилидаги иқтидорини кенгроқ тадқиқ қилиш адабиёт тарихи учун муҳим деб ҳисоблайди. Навоийнинг форсий девони хусусий ва умумий кутубхоналарда, Европа кутубхоналарида йўқлигини таъкидлайди. Фақатгина Вадуд Маҳмуднинг саъй-ҳаракати билан Алишер Навоийнинг форсий девони топилганлигини эътироф этиб, “Мундан уч-тўрт ой бурун адабий текширишлар учун Самарқанддан Бухороға келган Вадуд Маҳмудийнинг ахтаришлари натижасида ўртоқ Мусо Саиджоновнинг хусусий кутубхонасида Навоийнинг форси(й)ча девони борлиғи онглашилди, тўрт ярим минг байтдан ортуқ бўлған бу девон қўлёзма бир “Бедил” девонининг ҳошиясида “ярим шикаста” бир хат билан ёзилған, янглиши жуда кўб”, деб ёзади. 1929 йили Абдурауф Фитрат “Чиғатой адабиёти” мақоласида Навоий ижодига яна бир бор мурожаат қилган. Мақолада туркий тилимиз ва адабиётимиз мўғуллар ва темурийлар даврида “чиғатой тили” ва “чиғатой адабиёти” деб аталганига шубҳа билдиради. Фақат профессорлар Вамбери ва Убайдуллиннинг “Ўрта Осиё эли ҳам тили ўртаосиёлилар томонидан Чиғатой аталади. Бу исм уларга эронлилар томонидан берилди”, деган фикрига таяниб, шундай аташ мумкин, дейди. Мўғуллар даврида “чиғатой тили”, “чиғатой адабиёти” жумлаларини бирор манбада учратмагани, аммо темурийлар давридан туркий тил ва адабиёт чиғатойча аталганлигини Алишер Навоий, Лутфий, Мажлисий, Муҳаммад Солиҳ ижодида қайд қилиб ўтилганлигини мисоллар орқали кўрсатади. Жумладан, Навоийдан қуйидаги иқтибосларни келтириб ўтади:

“Ажам шуароси ҳар нечук қоидаким афкорга зеб оройиш кўргузиб эрдилар, чиғатой лафзи билан рақам урдим”.

Темурийлар даври адабиёти ҳақида маълумот тақдим қилар экан, Абдурауф Фитрат Алишер Навоийнинг ижодига алоҳида тўхталган. Таълими, саройдаги фаолияти, ижодий мероси ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини тақдим қилган ва Навоийни барча туркий дунё шоирларидан энг юқорида туришини таъкидлайди: “Навоийнинг шоирлиғи, санъаткорлиги ҳамма чиғатой шоирларидан юқорида туради. Навоийнинг асарлари тил учун жуда бой бир хазинадир. Уларни ёлғиз тил нуқтаи назаридан текшириш, улардағи сўзларни йиғиб изоҳ қилишнинг ўзи жуда катта илмий хизмат бўлар эди. Навоий ёлғиз шоир, ёзгучи эмас, илм ва санъат ходимидир”.

Жадидлар тарихий мақолаларида кўп марта “Бобурнома”га таянганлар, аммо унинг шахси, фаолияти ҳақидаги тадқиқотлар олиб борганларми, йўқми, ҳозирча менда маълумот йўқ.

– Жадидларнинг миллий мумтоз адабиётимизни ўрганиш жараёнидаги маълумотлар таълим, мактаб-маориф, илм-фан, санъат йўналишларида қай йўсинда қўлланилган?

– Жадидларда миллий ғурур, миллий ўзлик тушунчаси юқори даражада бўлиб, миллий тарих, миллий тил, миллий адабиётга чуқур эҳтиром билан қараганлар. Мактабларнинг рушдия босқичидаги адабиёт дарсларида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларидан, ғазалларидан, девонларидан фойдаланганлар. Темурийлар даври тарихига оид мақола ва рисолаларида “Бобурнома”дан иқтибослар келтирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг хотираларига ишончли манба сифатида қараганлар. Икки мутафаккирнинг илм-фан, санъат, тарих ва адабиёт олдидаги хизматларини муносиб баҳолаш, юбилей саналарини кенг нишонлаш бўйича ўз таклифларини берганлар.

– Самимий ва қизиқарли суҳбат учун ташаккур!

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дилноза Жамолова: “Жадидлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини мукаммал ўрганган”