Атоқли ижодкор Фарида Афрўзни дилбар шоира, миллий маънавиятимиз, адабиётимизнинг фаол тарғиботчиси сифатида халқимиз жуда қардлайди. Айни пайтда шоира халқимиз қалбидан жой олган юзлаб бадиий баркамол қўшиқлар шеърининг муаллифидир.

Фарида Афрўз адабий-маърифий анжуманлар, мулоқот ва учрашувларга файз, жонли руҳ, самимият, дўстона муҳит бағишлай олиши мазкур адабий тадбирларни янада баланд руҳда ўтказишда алоҳида аҳамият касб этади.  

Бу жиҳатлар Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилиб, қайта тикланган Ёш ижодкорларнинг республика Зомин семинарида яна бир марта яққол намоён бўлди.    

Устоз шоира ёшлардан қимматли маслаҳатларини аямас, яхшини яхши, бундайроқ “ижод намуналари”га ҳам ёш қаламкашнинг кўнгли оғримайдиган, лекин қатъиятли йўсинда баҳо беради. Ёшларни доим камтар бўлишга, ижодга масъулият билан ёндашишга, майда, индивидуал мавзулардан йироқ бўлишга, Ватан, жамият, халқ олдидаги масъулиятни теранроқ англашга мудом даъват этадилар.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, раис ўринбосари Ғайрат Мажид каби ижодкорлар билан бир сафда, ёшлар, ҳатто биз журналистлардан ҳам хабар олиб, ҳол-аҳвол сўраб, барча шароитларни муҳайё қилишда, руҳиятимизга рағбат беришда Фарида опа ҳам жуда фаол меҳнат қилдилар.  

Фарида Афрўзнинг шижоати, шиддати, адабиётга, Ватанга садоқати ҳар жабҳада яққол кўзга ташланарди. Айни пайтда ижодкорнинг онажонларимиз каби меҳрибонлиги, самимияти, жонфидолиги, заҳматкашлиги, мунис ва мушфиқлиги, камчиликларга муросасизлиги, талабчанлиги, қатъиятига семинар иштирокчилари ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ҳайрон қолдилар, ҳавас қилдилар.    

Устознинг “Ўлими йўқ ҳаёт” номли китобини мутолаа қилиб, ҳайратларим янада ортди. Мен атай бу китобни танлаган эдим. Сабаби Фарида Афрўзнинг моҳир шоира эканини билган ҳолда наср йўлидаги мазкур китобини қизиқиш билан ўқишга қарор қилдим. Ҳайратим кутганимдан ҳам кўра минг чандон ортиқ эди. Гарчи асар автобиографик йўсинда бўлса-да, бу китобда азиз авлиёларнинг ҳаёти, фаолияти ҳақида ғоят бетакрор усулда баён этилгани диққатга сазовор. Зеро, бундай асарни ёзиш учун наинки ижодкор, балки  манбашунос, исломшунос ҳам бўлмоғи кераклиги, Фарида опада бундай фазилатларнинг бари мужассам экани ақлимни шоширди.    

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, Фарида Афрўз “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.  

–Бундай эътибордан ғоят мамнун бўлдим, – деди Фарида Афрўз. – Бундай рағбат ижодкорларга янада кўпроқ илҳом  бағишлайди. Мустақиллик байрами бизнинг қалбимиздаги, юрагимиздаги, томиримиздаги байрам. Бу аждодларимиз орзу қилган улуғ, азиз ва табаррук байрам. Ижодкор неча ёшда бўлмасин, унга эътибор доим керак. Давлатимиз раҳбарнинг биз ижодкорларга эътибори қуёш тафтидек гўё. У ижодкорни иситиши билан бирга айни пайтда адабиёт аҳлининг зиммасида улкан масъулият борлигини англатади.  

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дилбар шоира, адабиётимиз жонкуяри, онадек меҳрибон устоз