Мамлакатимизда аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, бюрократик ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомиллардан воз кечиш, инсон омилини қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, уларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида Давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари кўрсатиш сифати ошди. Дастлаб ташкил этилганида 30 га яқин хизматларни кўрсатган марказларда бугунги кунга келиб 200 га яқин хизматлар кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 июлдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, босқичма-босқич яна 50 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатишни жорий этиш назарда тутилган. Бу эса аҳолининг Давлат хизматлари марказларига бўлган оқимини сезиларли даражада ўсишга олиб келмоқда.
Бугунги кунда Андижон вилоятидаги 16 та туман ва шаҳарда Давлат хизматлари марказлари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
– Жорий йилнинг 9 ойи давомида марказлар ва уларнинг филиаллари орқали 350 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмалжон Азимов. – Шунингдек, 43 мингдан ортиқ фуқаро хизматлардан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали фойдаланди.
[gallery-9347]
Энг кўп фойдаланилган давлат хизматлари болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш, кадастр паспортини бериш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш, пенсия (нафақа) ҳақида маълумотнома олиш, автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензия бериш каби хизматлар ташкил этади.
Туман марказларидан узоқда жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб Пахтаобод, Жалақудуқ, Балиқчи, Андижон ва Қўрғонтепа туманларида Давлат хизматлари марказининг 5 та филиали ташкил этилган бўлиб, ўтган давр мобайнида улар томонидан кўрсатилган хизматлар сони 15 мингдан ошди. Шу билан бирга, аҳолига янада кулайлик яратиш мақсадида фуқароларга мобил давлат хизматлари ҳам кўрсатилмокда. Шу кунга қадар фуқароларнинг талабларига биноан жами 42 минг 116 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилган. Уларнинг 11 мингтаси электрон рақамли имзо олиш, 13 мингтаси юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжалигини рўйхатдан ўтказиш ва бошқа хизматлардир.
Президентимизнинг 2022 йил 20 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, давлат хизматларидан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Ушбу “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларни идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобиль телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади. Шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра, давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.
Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан бевосита Марказ ёки нотариал идорага мурожаат қилинганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилади ҳамда Марказ ёки нотариал идора ходими томонидан фуқаронинг юзи рақамли форматда суратга олинади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетга боғланади.
Яна бир қулайлик томони шундаки, мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобиль телефон рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетга бепул боғланади.
Таъкидлаш лозим 1 августдан шу кунга қадар вилоят бўйича жами 4 мингга яқин фуқаро ушбу тизимдан рўйхатдан ўтказилди. Яна бир янгиликни таъкидлаш жоизки, эндиликда фойдаланилган давлат хизмати учун тўловни амалга ошириш янада осонлашди. Авваллари қайсидир ДХМда тўлов шохобчалари бор, қайсинисидадир мавжуд эмасди. Жорий йилдан бошлаб, барча Марказларда тижорат банклари, почта бўлинмаларининг шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Фуқаролар бемалол ушбу шохобчалар орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин. Бундан ташқари, кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни амалга оширишда инвойсдаги рақамларни битталаб териб ўтириш ёки “касса”да навбат кутишга ҳожат йўқ. Бунинг учун оммабоп тўлов тизимларида инвойсдаги QR-кодни сканер қилиб, тўловни осонгина амалга оширса бўлади. Мазкур имкониятдан ҳозирча “Payme”, “Click”, “U-pay” тўлов тизимлари орқали фойдаланиш мумкин.
Қисқа қилиб айтганда, тизимда амалга оширилаётган бу каби янгиликлар, яратилаётган имкониятлар аҳолининг давлат хизматларидан унумли фойдаланишига асос бўлмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА