Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимизда босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, хусусан, кичик бизнес вакилларини ялпи миллий маҳсулотларнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаши учун бир қатор самарали лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Партиянинг “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти форуми” лойиҳаси ҳам ҳудудларда тадбиркорлар, кичик бизнес вакиллари, оилавий тадбиркорлар, ўз фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёлларнинг самарали бизнесини йўлга қўйишда кўмакчи бўлмоқда.

Хусусан, ЎзЛиДеП Кегейли туман Кенгаши томонидан лойиҳа доирасида навбатдаги мулоқот ўтказилди. Унда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси туман бўлими, банк тизими мутахассислари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар, шунингдек, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ва партия фаоллари иштирок этди.
Очиқ мулоқот руҳида кечган форумда мутахассислар томонидан ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, унинг сир-асрорлари, соҳанинг ҳуқуқий асослари борасида атрофлича маълумот берилди. Мулоқот жараёнида ҳудуд тадбиркорлари ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари ўрганилиб, айримлари шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Хусусан, ёш тадбиркор “Айбек-Наташа” масъулияти чекланган жамият раҳбари Юсуп Қурбонбоев фаолияти ва ишчи кучи сафини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредит олиш ҳаракатида юрганлигини билдирди. Унга “Агробанк”нинг туман филиали ходими томонидан 50 миллион сўм кредит расмийлаштириш борасида зарур маълумот берилди. Шунингдек, ер ажратиш, бино масаласи, маҳсулотларни экспорт қилиш каби муаммоларга қонун доирасида тегишли маслаҳат ва тавсиялар тингланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.