Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда ўрганишлар олиб бормоқда. Халқ вакиллари жойлардаги мавжуд муаммолар, соҳа ва тармоқлардаги ютуқ ва камчиликлар билан яқиндан танишмоқда.
Хусусан, депутатлар Елена Борисова ҳамда Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 66-сонли оилавий поликлиникада бўлиб, унинг фаолияти билан танишди. Ўрганишлар давомида поликлиниканинг қабул хоналари, таҳлил лабораториялари, диагностик хизматлар ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари кўздан кечирилди. Халқ вакиллари муассаса шифокор ва ҳамширалари билан суҳбатлашиб, уларнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолар ва эҳтиёжлари ҳамда таклифларини тинглади. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф-тавсиялар бердилар.

***
Қонунчилик палатаси депутати Борий Алихонов Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакиллари, бир қатор масъуллар билан биргаликда Сергели туманидаги “ALUTEX” алюмин ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди.
Ўрганишлар давомида корхонада амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилиб, экологик талабларга қай даражада эътибор қаратилаётгани, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда ишчи-ходимларга яратилган шароит ва қулайликлар каби масалаларга аҳамият берилди. Экологик талаблар бўйича керакли тавсиялар берилди.

Шунингдек, экопартия депутати Сергели туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Ёшлар боғи”нинг ҳолатини ҳам ўрганди. Мазкур боғ жами 1 гектарга яқин ҳудудни қамраб олган бўлиб, бу ерда 1 минг 50 туп павлония, тут, 250 та ҳинд сирени, узум ва бошқа дарахт кўчатлари экилган, суғориш тизими ўрнатилган. Аммо яшил боғда дилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, боғ ҳудудига маҳаллий аҳоли томонидан маиший чиқиндилар ташлаб кетилар экан. Бу эса боғ кўркига, унинг озодалигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қолаверса, боғ атрофида ёшлар боғи деган номга мос равишда аҳоли учун ўриндиқлар ўрнатилмаган. Яна бир қанча камчиликлар борлиги айтилди.

Масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, дарахтларни турли зараркунандаларга қарши дорилаш, сувни тежаш мақсадида пуркаб суғориш ўрнига томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш каби тавсиялар берилди.
Халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари, аҳоли билан мулоқотлари изчил давом этмоқда. Аниқланган масала ва муаммолар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА