Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джонибекова Ширин шаҳридаги бир қанча ташкилот ва корхоналарда бўлиб, сайловчилар билан суҳбат ўтказди.
Ширин шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтган учрашувда Президентимиз раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган вазифалардан келиб чиқиб, ёшларни оталиққа олиш ва улар билан манзилли ишлаш бўйича штаб фаолияти билан танишди.

Шунингдек, Нодира Джонибекова Ширин шаҳридаги 1-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлди. 110 нафар болажонга мўлжалланган боғчада 150 нафар бола тарбияланмоқда. Боғчада 19 нафар тарбиячи мураббий меҳнат қилади. Н.Джонибекова боғча мудираси билан ҳам мулоқот ўтказиб, таълим даргоҳидаги муаммоли масалаларни ўрганди. Хусусан, 1969 йили барпо қилинган мазкур боғча ҳалигача мукаммал таъмирдан чиқарилмаган. Ушбу масала депутат назоратига олинди.
Депутат шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлими фаолиятини ўрганди. 1972 йили барпо этилган бу шифохона биноси тамомила нураб бормоқда. Депутат бу муаммони шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари эътиборига ҳавола этди. Муаммони тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида тезкорлик билан ҳал этишга келишиб олинди.

Ҳозир Олий Мажлис палаталарида ҳамда уларнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарида Қуролли Кучларни ривожлантириш соҳасида, шу жумладан, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи, ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, мудофаага ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилиши устидан парламент назоратининг самарали механизми йўлга қўйилган.
Депутат Нодира Джанибекованинг Ховос тумани мудофаа ишлари бўлими ҳарбий хизматчилари билан ўтказган мулоқоти ҳам худди ана шу мавзуларга бағишланди.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири