Нукус шаҳар “Қутли макан” маҳалла фуқаролар йиғинида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Мурат Атамуратовнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамда сайловчилар, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, фахрийлар иштирок этган тадбирда депутат Мурат Атамуратовнинг сайловдан шу кунгача бўлган даврдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида депутат ўз фаолиятини мамлакатимиз қонунчилигининг асоси – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ундан келиб чиқадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва партия Сайловолди дастурида белгиланган “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” тамойилини ҳаётга жорий этиш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчиллик билан ошириш, ижтимоий соҳа, фуқаролар соғлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, инфраструктурани такомиллаштириш, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш, оилани, давлат ёшлар сиёсатини мустаҳкамлаш бўйича устувор мақсадлар асосида самарали ташкил этиб, бу борада салмоқли натижаларга эришган.
Жумладан, депутат томонидан ўтган даврда 50 нафардан ортиқ фуқаро мурожаати юзасидан қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган масалаларга ижобий ечим топилган. Шу билан бирга, ҳудуддаги маҳаллаларнинг кўчалари, йўлаклар ҳамда улардаги ёритиш тизимларида аниқланган камчиликлар борасида сайловчиларнинг депутатга қилган мурожаатлари тегишли тартибда бартараф этилган.
Ташаббускор депутатнинг фаолиятига бағишланган сарҳисоб тадбири унинг ҳудуддаги кўплаб масалаларда сайловчилар ишончини оқлаши, аҳолини рози қилишга қаратилган амалий ишлари билан аҳамиятли бўлди. Қолаверса, келгусидаги муҳим вазифа ва мақсадлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, депутат 2025 йил режалари, маҳалла аҳлини қийнаётган муаммолар билан ҳам ўртоқлашди. Кўп йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, эскирган симёғочларни алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, томорқа ерларини суғориш ва кадастр масалалари, маҳалладаги бир қатор кўчалар бўйига светофор, пиёдалар ўтиш йўли ва тезликни пасайтирувчи ўтиш йўлагини ўрнатиш ва 35-сонли умумтаълим мактабига замонавий ошхона қуриб бериш бўйича мурожаатлар ечими ўрганилди.
Ҳисобот учрашуви давомида аҳолининг муаммолари ва мурожаатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Албатта, депутат фаолиятига ҳақиқий баҳони сайловчилар беради. Тадбирда сўз олган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда сайловчилар депутат Мурат Атамуратовнинг фаолиятини ижобий баҳолаб, унинг ўтган даврдаги фаолияти билан боғлиқ қатор ижобий мисолларни айтиб ўтишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.