Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутат: ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жавобгарликни кучайтириш вақти келди

Ижтимоий тармоқларда кучук болачаларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, қулоқларини узиб юборган шахснинг видеоси тарқалди. Сурхондарё вилоятида содир этилган бу ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Жавлон Абдуллаев ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирар экан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жавобгарликни кучайтиришни илгари сурмоқда:

"Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу ҳолат дилни хира қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жавобгарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилгани маълум қилинди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, бу каби ҳолатларга нисбатан фақатгина жарима жазоси қўлланилади. Менинг фикримча, ҳайвонларга нисбатан бундай шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш бўйича жавобгарликни кучайтиришнинг вақти келди.  

Экопартия фракциясида депутатлар билан бирга бу масала устида жиддий ишлаймиз.

Қатор давлатларда ҳайвонларга озор етказиш оғир ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ ва Жанубий Кореяда бундай ҳаракатлар учун нафақат катта миқдордаги жарималар, балки мажбурий жамоат ишлари, ҳайвон сақлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган" дейилади депутат муносабатида.  

Дарҳақиқат, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу нафақат ҳайвонларга озор етказиш, балки одамларда, айниқса, ёш авлодда бетоқатлик, шафқатсизлик кайфиятини юзага келтиришга сабаб бўлиши билан ҳам хатарли. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА