Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 апрелдаги “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, товарларнинг божхона қийматини аниқлашда имтиёзлар ёки махсус божхона расмийлаштируви тартиби, жумладан, муайян аниқлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмаслиги, ички бозорда рақобат муҳити ривожлантирилиши белгиланди.
Таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратишни тақозо этмоқда. Мазкур фармонни қабул қилишдан асосий мақсад, ишлаб чиқариш, миллий маҳсулотлар экспорти, янги иш ўринларини яратиш бўйича жорий йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳисобланади.

Бугунги кунда фармон талаблари, қонунчилик нормаларининг такомиллаштирилиши ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулайликлар қорақалпоғистонлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлик субъектларида кенг тарғиб қилинмоқда. Жумладан, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ташкил этилаётган учрашувларда тадбиркорларга хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилинганлиги ҳамда эндиликда уларга жорий этилаётган мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларнинг расмийлаштирув тартиби тушунтирилмоқда.

Учрашувларда тадбиркорлик субъектлари вакиллари фармон мазмун-моҳияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.