ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида умумий узунлиги 3,1 километрга тенг йўл қайтадан янгиланиб, 4 тасмали қилиб қурилмоқда. Кўчанинг икки томонида пиёдалар йўлаклари, яшил ҳудудлар ташкил этилади ва замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилади. Бу ерда, шунингдек, иккита ер усти пиёдалар йўлаги барпо этилмоқда.
Тумандаги яна бир “Ғалаба” туризм кўчасида ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатда давом этмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу объектлардаги иш сифати ва суръати билан яқиндан танишгач, Наманган халқаро аэропортида бўлди.
Бу ерда айни пайтда 140 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан янги, уч қаватли терминал бунёд этилмоқда. Янги терминал ишга тушгач, аэропортнинг йўловчи ташиш қуввати 2,5 баробар ошади. Шунингдек, чегара назорати, виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси ҳамда “Duty Freе” дўконлари замонавий тарзда ташкил этилади.
Аэропортда кунига 50 тонна юкни қайта ишлаш имконига эга бўлган юк терминали ҳам қурилмоқда. Ушбу мажмуа орқали 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконияти яратилади ва водийда ягона карго тизими йўлга қўйилади. Янги терминал келгуси йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Вилоят раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани ривожлантириш, йўл ва коммуникация тизимларини яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берди.
[gallery-26117]
Шундан сўнг “Янги Наманган шаҳарчаси”да барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар қурилишини ҳам бориб ўрганди.
“Янги Наманган шаҳарчаси” лойиҳаси доирасида замонавий инфратузилмалар, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда йўл-транспорт тизимлари қад ростламоқда. Мактаб, боғча, поликлиника, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши ҳам лойиҳанинг ажралмас қисми сифатида кўзда тутилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА