Давлат хизматчилари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида танланмоқда
Давлат фуқаролик хизматида кадрларни танлаш ва жойлаштириш жараёнларини очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълумот берди:
– Давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимларни танлов асосида тўлдириш орқали малакали ва салоҳиятли кадрларни давлат бошқаруви тизимига жалб этишга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
2026 йил январь-февраль ойлари давомида Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — “vacancy.gov.uz” орқали ўтказилаётган танловлар таҳлилига кўра, республика бўйича 12 минг 825 танлов эълон қилинган.
Шундан 3 минг 458 таси ҳужжат қабул қилиш босқичида бўлиб, 2 минг 628 таси тест ёки суҳбат босқичида ўтказилган. 728 танлов малака талабларини ўрганиш босқичида, 473 таси тест босқичида, 1 минг 427 таси эса суҳбат босқичида ташкил этилган.
Танловларда иштирок этган номзодларнинг умумий сони 173 минг 229 нафарни ташкил этгани мазкур жараёнларга аҳоли қизиқиши юқори даражада эканини кўрсатади.
Жорий йилнинг 10 март ҳолатига кўра, 6 минг 666 танлов якунланди. Натижада 1 минг 839 нафар номзод ғолиб, деб топилди. Шу билан бирга, 285 танлов қайта эълон қилинди, 73 таси эса турли сабабларга кўра вақтинча тўхтатилди.
Танлов ғолибларининг 765 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 355 нафари аёллар, 681 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп танловлар Тошкент шаҳрида қайд этилди. Бу умумий танловлар сонининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.
Кейинги ўринларда Тошкент, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари қайд этилди. Вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари томонидан 472 танлов ўтказилди.
Жорий йил икки ойи давомида давлат фуқаролик хизмати тизимида кадрларни очиқ ва шаффоф танлов асосида саралаш амалиёти изчил давом эттирилди. Танлов жараёнларида аҳоли фаол иштирок этмоқда. Бу фуқароларнинг давлат хизматига бўлган қизиқиши юқори эканини кўрсатмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА