Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 октябрдаги “Давлат тили ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ташкилот ва муассасаларда қонун талабларига бўлган муносабат ҳали ҳам суст, назорат етарли даражада эмас.
Зомин тумани ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган текширувлар бунинг ёрқин мисолидир. Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумидаги ўрганишлар жараёнида “Давлат тили тўғрисидаги” Қонун талаблари қўпол равишда бузилган ҳолатлар аниқланди. Ёзув ва эълонлар давлат тилида эмас, айрим ҳолларда хорижий тилларда ёзилгани — бу нафақат ҳуқуқий, балки маънавий масъулиятсизликни ҳам кўрсатади.
Афсуски, бу ҳолат фақат бир муассаса мисолида эмас. Айрим ташкилотларда давлат тилига нисбатан “иккинчи даражали вазифа” сифатида қараш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу эса давлат сиёсати даражасидаги ишга паст муносабат бўлиш десак асло муболаға бўлмайди.

Масъул ходимларга камчиликларни бартараф этиш, расмий ёзишмалар ва ташқи белгиларни давлат тилида юритиш бўйича тушунтиришлар берилди. Бироқ тушунтириш ишлари ўтказилган бўлса-да, натижалар тил маданиятига бўлган муносабат етишмаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Ғаллаорол туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан “Давлат тили ҳақида” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар ижроси бўйича ўтказилган ўрганишларда рекламаларда тил меъёрларига риоя қилинмаган, айрим лавҳаларда эса ўзбек тилидаги матнлар бутунлай йўқлиги аниқланди. Тадбиркорларга тушунтириш ишлари олиб борилган бўлса-да, бу ҳолат давлат тилига нисбатан масъулият етарли эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Ачинарлиси, бундай ҳолатларни фақат Зомин ёки Ғаллаорол туманларида эмас, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам учратиш мумкин. Бу эса тизимли муаммо борлигини англатади.
Давлат тили — миллат ғурури ва юзи, унга бепарволик эса маънавий таназзулга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳар бир раҳбар, ҳар бир масъул шахс унинг амалдаги нуфузини таъминлашни ўзининг шахсий бурчи деб билиши шарт
А. Қаюмов, ЎзА