Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
Эксперт гуруҳларининг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;
Эксперт гуруҳларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
Эксперт гуруҳлари томонидан қарор қабул қилиш ва унинг ижросини ташкил этиш;
Эксперт гуруҳлари аъзоларини рағбатлантириш тартиби белгилаб берилган.
Қарорда Эксперт гуруҳлари аъзолари улар томонидан ҳар чорак якуни бўйича бажарилган ишлар натижадорлигига кўра 2025 йилда Маданият вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантириб борилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари Экспертлар гуруҳлари аъзолигига қабул қилинганда, уларга рағбатлантириш тўловлари тўланмайди.
Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарори билан тасдиқланган Театр санъатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ давлат театрларида саҳна асарларининг бадиий савияси, саҳнавий талқини юзасидан таклиф ва тавсиялар бериш мақсадида жанр ва мавзуни инобатга олган ҳолда ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилган эди.
ЎзА