Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳаларининг муҳокамаси ўрин олган.
Дастлаб “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. 29 июль куни бўлиб ўтган мажлисда мазкур қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилинган эди. Муҳокамаларда депутатлар томонидан кўтарилган савол ва таклифлардан келиб чиқиб, айрим нормаларни қайта ишлаш ва такомиллаштиришга келишиб олинган эди.

Ўтган муддат ичида қонун лойиҳаси янада маромига етказилди, депутатларнинг таклиф ва саволларида кўтарилган масалалар эътиборга олинди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат билан озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, принциплари, давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш, кузатилишини таъминлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилишга қўйиладиган умумий талаблар, ушбу соҳада фаолият юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Жаҳон савдо ташкилотининг талаблари ҳамда ривожланган давлатларнинг тажрибаси асосида озиқ-овқат маҳсулотининг муомаласи билан боғлиқ барча жараёнларни тўлиқ назорат қилиш имконини берувчи очиқ ва шаффоф озиқ-овқат операторларининг электрон реестри жорий қилинмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси янада такомилига етказилгани қайд этилиб, учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Шундан сўнг мажлисда кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қайд этилгандек, мазкур қонун лойиҳаси билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, кам таъминланган шахслар муайян ишда ўзига нисбатан суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишлари мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга ҳамда ижтимоий давлат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА