Бугун Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ва эврилишлар ҳудудларимиз равнақида, аҳоли фаровонлиги ҳамда юртдошларимизнинг даромадлари ортиб бораётганида, иқтисодиётимиз мустаҳкамланиб, соҳалар изчил ривожланаётганида ўз аксини топмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги ўсиш ҳамда юксалишни ҳар бир шаҳар ва қишлоқ, маҳалла ва овулларимиз қиёфасида яққол кўриш, ҳис этиш мумкин.
Айниқса, мамлакатимизнинг сўнгги саккиз йилдаги ижтимоий-иқтисодий юксалиши кўплаб халқаро молия ташкилотлари томонидан эътироф этилмоқда. Бу эса хорижий давлатлар, инвесторлар ва савдо ҳамкорларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширмоқда. Қисқа муддат ичида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, ялпи ички маҳсулот ҳажми барқарор ўсди, аҳоли турмуш тарзи тубдан яхшиланди. Хусусан, 2016 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёдаги 195 та давлат орасида 71-ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йил якунларига кўра Ўзбекистон глобал рейтингда 62-ўриндан жой олди.
Шу билан бирга, қисқа фурсат ичида мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқалари фаоллашди, инвестиция муҳити тубдан ислоҳ қилинди, тадбиркор ва ишбилармонлар учун кафолатли ҳамда шаффоф механизмлар яратилди. Ижтимоий сиёсат ва иқтисодий ўсиш ўзаро уйғун, бир-бирини тўлдирувчи тизим сифатида шакллантирилди.
Эришилаётган бундай ютуқлар ва самарали натижалар мамлакат молиявий стратегиясини тўғри йўлга қўйиш, бюджет ислоҳотларини мақсадли ва натижадор тарзда амалга ошириш билан чамбарчас боғлиқ.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳар йили бюджет маблағларининг ижтимоий йўналтирилганлигини, инсон қадрини улуғлаш ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётганини намоён этади. Жумладан, давлат бюджети харажатларининг 50 фоизидан ортиғи таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларига йўналтирилаётгани Конституциямизда мустаҳкамланган ижтимоий давлат принципининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Ушбу анъана изчил давом эттирилиб, 2026 йил учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида ҳам аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизими қамровини кенгайтириш ҳамда сифатли таълимни таъминлаш каби ижтимоий соҳа устувор вазифа сифатида белгиланган.
Куни кеча Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маъқулланган “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун келгуси йил учун мамлакатнинг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Макроиқтисодий кўрсаткичлар, ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатлари ҳамда солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда, консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 триллион сўм, харажатлари эса 567,6 триллион сўм этиб белгиланган. Бунда бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик режалаштирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 6,6 фоизни ташкил этиб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг 26 АҚШ долларига етказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, саноатда ўсиш 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматларида 14,5 фоиз, қурилиш соҳасида эса 10,2 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Инфляция даражаси эса 7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
2026 йилда Давлат бюджети харажатлари 402,6 триллион сўмни, даромадлари эса 368,9 триллион сўмни ташкил этиши режалаштирилган. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 78,6 триллион сўм, харажатлари эса 74,4 триллион сўм (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) этиб белгиланган.
Бюджет ҳужжатларидан кўринишича, келгуси йилда ҳам ижтимоий соҳа харажатлари салмоқли улушга эга бўлади. Харажатларнинг қарийб 55 фоизи, яъни 220,1 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилади. Хусусан, таълим соҳаси учун бюджет харажатларининг 25,5 фоизи ёки 100 триллион сўм ажратилиши назарда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 49 триллион сўм, яъни жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга кўп маблағ йўналтирилмоқда. Шунингдек, бюджет харажатларининг 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга ажратилади.
Бу чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари томонидан ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилган таълим сифатини ошириш, аҳоли эҳтиёжлари ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, 2026 йилда макроиқтисодий сиёсат соҳасидаги устувор вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, ижтимоий соҳа объектларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ва давлат дастурларида белгиланган муҳим тадбирларни амалга ошириш юртимиз тараққиёти ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бюджет даромадларини янада ошириш чораларини кўриш долзарб вазифа ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Давлат бюджети — бу халқ маблағлари. Демак, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ажратилган ресурсларни ўз вақтида ва аниқ йўналишлар бўйича ўзлаштиришга алоҳида аҳамият бериш зарур. Бу борада вазирлик ва идораларнинг масъулияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. “Халқ маблағлари халқ учун ишлаши шарт” деган тамойилни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш молия сиёсатининг асосий мақсадидир. Шунингдек, “Очиқ бюджет” портали фаолияти бюджет очиқлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Иқтисодий ислоҳотлар босқичма-босқич, пухта стратегик режа асосида амалга оширилаётган бугунги кунда бюджет самарадорлиги, манзиллилиги ва мақсадлилигини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Шавкат Шарипов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси