Малая университети 1962 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзиядаги энг қадимги ва энг нуфузли университет ҳисобланади. Ушбу давлат тадқиқот университети Малайзиянинг 5 та тадқиқот университети элита гуруҳига киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Адҳам Бекмуродов бошчилигидаги делегация Малая университети мутасаддилари ва профессор-ўқитувчилари жамоаси билан учрашди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, давлат сиёсати ва давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти бошқаруви, менежмент ва инсон ресурсларини ривожлантириш, сиёсатни ишлаб чиқишда давлат молияси, давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларини қўллаш, етакчилик ва бошқарув, шаҳар бошқаруви ва барқарор ривожланиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Малая университети қошидаги Давлат сиёсати ва бошқаруви халқаро институти (INPUMA) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Битимга кўра, Ўзбекистон ва Малайзия давлат хизматчиларининг профессионал компетенцияларини оширишга қаратилган қўшма ўқув дастури йўлга қўйилади.
Шунингдек, Малая университети жамоасига жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНEСКО халқаро ташкилоти Бош конференциясининг 43-сессияси ҳақида батафсил маълумот берилди ва тақдимот намойиш этилди.
Мазкур анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши оламшумул тарихий воқеа эканига эътибор қаратилди. Тақдим этилган маълумотлар Малая университети профессор-ўқитувчиларига катта таассурот қолдирди ва улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишга муваффақ бўлди. Ушбу нуфузли анжуманнинг халқлар ўртасида тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА