Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга,
Бир азим чинордек силкинди тоғлар.
Нур кирди тонглари ҳазин қўрғонга,
Мудроқ уйқулардан уйғонди боғлар.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга,
Дашту далаларда чўғланди баёт.
Тўлқинлар денгиздек ҳайқирган онда,
Қадим Ўзбекюртда қайнади ҳаёт.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга,
Сайхундан, Жайҳундан қудратли ғулу.
Алпона куч берди ёвқур Туронга,
Довқур Туркистонни бирлаштирди у.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга,
Бугун гуллаётир ҳатто, тошимиз.
Ҳар гиёҳ, ҳар чечак, ҳар бир чаманга,
Дарё бўлаётир Карвонбошимиз.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга,
Ҳазрат Бухорийлар дуоси шулдир.
Ватандош, борингни бахш эт, Ватанга,
Ватанни оқ - оппоқ гулларга тўлдир.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга,
Намхуш новдаларда куртаклар қатор.
Учинчи Ренессанс -- мовий гулшанда,
Бойчечак кўтариб жилмайди баҳор.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга.
Кўнгил боғларига юлдузлар қўнди.
Кўкка қўл узатган Ўзбекистонга,
Қуёш ҳам айро нур сочмоқда энди.
Бир дарё шарқираб кирди, Ватанга –
То абад шовуллаб тургай энди у.
Улуғ Туркистонда -- буюк Туронда,
Тахтимиз мангудир, бахтимиз мангу.
Абдусаид Кўчимов
14.08.2025 й