Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан юртимизда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхоналар вакиллари, элчилар, хорижий экспертлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари халқимизни қизғин қутлаяпти.
Руминиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану ҳам энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллик байрами билан халқимизни қутлади.
– Тошкентдаги Руминия элчихонаси ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон халқини миллий байрам – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг 34 йиллиги билан самимий табриклайман. Бу ўзбек халқи эркинликка, суверенитетга ва барқарор ривожланишга бўлган интилишини ифодаловчи алоҳида сана ҳисобланади, – дейди элчи. – Ушбу йиллар давомида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда улкан ютуқларга эришди, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини намоён этди ва жаҳон саҳнасида муносиб ўрин эгаллади.
Руминия мамлакатларимиз ўртасида шаклланган дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатни юксак қадрлайди. 2025 йил 6 октябрь куни икки давлат дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди. Биз ишонамизки, очиқ мулоқот, ўзаро манфаатли лойиҳалар ва шерикликни ривожлантиришга бўлган самимий хоҳиш-истаклар туфайли муносабатларимиз келгусида ҳам муваффақиятли давом этади. Айниқса, таъкидламоқчиманки, Руминия Ўзбекистондаги ривожланиш жараёнлари, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизацияни катта эътибор билан кузатиб бормоқда. Биз ушбу муҳим йўлни давом эттиришда муваффақият, Ўзбекистон фуқароларига эса фаровонлик тилаймиз.
Даниэль Кристиан Чобану, шунингдек халқларимиз олдида иқтисодиёт, таълим, маданият, туризм ва шахслараро алоқалар соҳасида қўшма лойиҳалар учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, кейинги йилларда савдо миқдори сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этди.
– Европа Иттифоқининг аъзо давлати сифатида Руминия ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатни ривожлантириш тарафдори бўлиб қолаверади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Мустақиллик байрами билан яна бир бор табриклайман. Тинчлик, фаровонлик ва соғлик саломатлик тилайман.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.