Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова иштирокида Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолат юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Вазир ўринбосари қайд этганидек, жорий йилнинг 21 сентябрь куни соат 16:00 дан бошлаб, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси қабулхона бўлимига тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларидан 71 нафар бола тана ҳароратининг кўтарилиши, айримларида қорин оғриғи, ич сурилиши ва қусиш шикоятлари билан келади ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган. Бундай нохуш ҳолатларнинг аксарияти тумандаги 23-сон мактабгача таълим ташкилоти (35 нафар бола) ҳисобига тўғри келди.

Таъкидлаш жоизки, вазиятдан қаттиқ ташвишланган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу нохуш ҳолатдан жабрланган болаларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади. Давлатимиз раҳбари Наманган вилояти ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берди.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги томонидан зудлик билан Ишчи гуруҳ тузилиб, суриштирув ва текширув ишларига киришилди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар, хусусан, тез тиббий ёрдам натижасида ҳозирга қадар 20 нафар боланинг ҳолати яхши бўлганлиги сабаб, уйига рухсат берилди. Қолган болалар ҳолати мўътадил, улар шифокорлар назоратига олинган. болаларнинг ҳеч бирида реанимацион, яъни оғир ҳолат йўқ.

Эътиборлиси шундаки, вазиятга ойдинлик киритиш, келиб чиқаётган турли саволларга жавоб бериш учун нафақат Наманган вилояти, балки Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республикамизнинг нуфузли ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан малакали мутахассислар ва профессорлардан иборат Республика ишчи гуруҳи ишламоқда.
Маълумот ўрнида: 20 сентябрдан республика бўйича 6,5 миллион нафар боғча тарбияланувчи ва мактаб ўқувчиларига 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида йод танқислигининг олдини олиш ва ақлий ривожланишини яхшилаш мақсадида йод ва анструмин (йодамарин) дориси берилган.
Матбуот анжуманида Элмира Боситхонова болаларда кузатилган нохуш ҳолат дастлабки текширувларга кўра, дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмаслиги, бу ҳар йили куз фасли бошланишида қайд этиладиган ўткир респиратор инфекцияси аломатлари эканлигини алоҳида таъкидлаб, ҳозир 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритишини билдирди.
– Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак, – деди вазир ўринбосари, Республика ишчи гуруҳи раҳбари Элмира Боситхонова. – Айни пайтда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган ёш болаларнинг 85 фоизи соғлиги жойида, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда. Қолганлари куннинг бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи яхшиланиб бормоқда.

Дарвоқе, ўнлаб болаларнинг саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган, юртимиздаги барча боғча ва мактабларга тарқатилган йод препарати – "Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka N100 (Antistrumin)" дори воситаси истеъмолини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмасига асосан лаборатория хулосалари чиққунга қадар вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилди.
Очиқ мулоқотда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар болаларнинг саломатлиги билан боғлиқ нохуш ҳолат юзасидан берган барча саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Энг охирги олинган маълумотларга қараганда, Наманган вилоятида тиббиёт муассасаларига болалар саломатлиги билан боғлиқ 450 та шикоят келиб тушди. Олиб борилган кўриклар натижасида 143 нафар боланинг саломатлиги барқарор эканлиги кўрсатилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА